Абу Молик Ҳорис ибн Осим Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “...Намоз нурдир...” дедилар» (Имом Муслим ривояти).
 
Маълумки, муқаддас динимизнинг рукнларидан ва мўмин-мусулмонларнинг зиммасига қатъий фарз қилинган ибодатлардан бири беш вақт намоздир. Қуръони каримнинг олтмиш бешта оятида беш вақт намозни тўкис адо этишга буюрилганлиги унинг нечоғли буюк ва аҳамиятли ибодатлигини кўрсатади.
Намоз Аллоҳ таолога муножот қилиш, Унга қурбат ҳосил қилиш ва гуноҳлардан покланиш учун энг яхши имкониятдир.
Намознинг дунёвий ва ухровий, тарбия­вий ва бошқа фойдалари бор. Ана шундай фойдаларидан бири, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек: “Намоз нурдир”.
Нур, ёруғлик зулматни ёритганидай, намоз инсон қалбини ва юзини ёритади ва мўминни хайрли амалларга ундайди, ёмонликлардан қайтаради, қабрини ёруғ қилади. Аллоҳ таоло хушуъ ва хузуъ билан адо этилган намоз ҳақида бундай марҳамат қилади: «...Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур» (Анкабут, 45).
Бир кунда беш маротаба намозни адо этган киши инсонларга ва атроф-муҳитга нисбатан инсофли, раҳм-шафқатли ва гўзал хулқли бўлади. Чунки у намоз туфайли Аллоҳни доимо ёдида тутади, қилаётган ҳар бир ишидан Унинг огоҳ ва хабардор эканини унутмайди.
Шунингдек, намоз туфайли мусулмон киши дунёда ҳайбат, виқор ва кўркамлик касб этади. Аллоҳ таоло саҳобаи киромларни: «...Уларнинг юзларида сажда асоратидан (қолган) белгилари бордир...» (Фатҳ, 29) деб мақтаган.
Убода ибн Сомит (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Агар банда таҳоратини тўкис қилиб, намознинг рукусини, саждасини ва ундаги қироатни тўғри адо этса, намоз унга: “Мени муҳофаза қилганингдек, Аллоҳ сени муҳофаза қилсин”, дейди ва нурли ҳолда самога кўтарилади» (Табароний ривояти).
Агар намоз масжидда жамоат билан адо этилса, у мусулмон киши учун нур устига нур бўлади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қоронғи кечаларда масжидларга юриб борувчиларга Қиёмат кунидаги мукаммал нур ҳақида хушхабар беринг”, дедилар (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Беш вақт намозни жамоат билан ўқийдиган киши охиратда пешқадамлар қаторидан жой олиши тўғрисида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб айтдилар: “Кимки беш вақт намозни жамоат билан ўқиса, Сирот устидан пешқадамлар қаторида ярқираган чақмоқ сингари ўтади ва Қиёмат кунида тўлин ой янглиғ бўлади” (Табароний ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни мукаммал нур эгаларидан бўлиб, пешқадамлар қаторидан жой олишни насиб этсин!
 
Учкўприк туманидаги “Муҳаммад Жаҳонгирхон Ғозий” 
жоме масжиди имом-хатиби
Асрорхон МАҲМУДОВ 
тайёрлади.