Абу Зарр Ғифорий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «“Ё Расулуллоҳ, Иброҳим­нинг саҳифаларида нималар бўлган?” дедим. У зот бундай дедилар: “Барчаси зарбулмасал бўлган. Уларда бундай дейилган:
– оқилнинг ақли жойида бўлса, унинг бир қанча соатлари бўлиши керак: Раббига муножот қиладиган соати; ўзини ўзи ҳисоб-китоб қиладиган соати; Аллоҳ азза ва жалланинг махлуқотлари ҳақида тафаккур қи­лади­ган соати; еб-ичиш каби эҳтиёжлари учун холи қоладиган соати;
– оқил инсон уч нарса учунгина уйидан чиқиши керак: охиратга зоди роҳила тайёрлаш учун, тирикчилик учун ва ҳалол лаззат учун;
– оқил ўз замонини таниган, ўзига керак нарсага уринган, тилини тийган бўлиши керак.
Ким гапини амал деб ҳисобласа, беҳуда гапи оз бўлади”» (Ибн Ҳиббон ва Ҳоким).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) Иброҳим (алайҳиссалом)нинг саҳифа­лари­дан мазкур сўзларни келтиришлари, биз умматлар учун ҳам бу сўзлар жуда муҳим­лигини билдиради. Беҳуда кўчага чиқ­маслик ҳам айни оқиллик белгиларидан бири экан.
Охиратда асқотадиган ҳар бир ишга интилиш керак. Акс ҳолда, инсон қисқа умри давомида керакли зоди роҳилани жамлашга улгурмайди. Ажал эса, барчамизга маълумки, кутиб турмайди. Вақти-соати етганда ҳар бир инсон охират сафарига чиқади. Ана шунда бу сафар учун зоди роҳила тайёрлаган инсонлар ютадилар.
Инсоннинг табиати қизиқ: бир неча соатлик ёки бир неча кунлик оддий сафар учун қанчалар тайёргарлик кўради, аммо абадий сафар учун бепарво бўлади, ҳеч қандай тайёргарлик кўрмайди, “Ҳали ёшман, соғломман, тетикман, қанчадан-қанча орзу-ҳавасларим бор, бола-чақанинг ташвишидан қутулиб олай, нафақага чиқиб олай” деб, ўзига-ўзи таскин беради. Ваҳоланки, охират сафари кутилмаганда бошланиб қолишини ҳамма билади, лекин негадир бу ҳолат ўзига эмас, балки кўпроқ бошқаларга тегишли деб ўйлайди. Охират ишига ҳозирлик кўриш деганда, ҳар бир ибодатни, амални ўз вақтида, рисоладагидек адо этиш тушунилади.
Бу ерда Аллоҳнинг зикри деганда намоз тушунилади. Демак, намоз вақти кирса, хоссатан, азон айтилганидан кейин намозга шошилиш керак. Акс ҳолда, намоз қазо бўлади ёки кечикади. Натижада, инсон бир қанча яхшиликлардан маҳрум бўлади. Қачонлардир буни тушуниб етганда эса зиммасида бир неча йиллик намозларнинг қазоси турган бўлади. Унда вақтида адо этилмаган ҳар бир ибодатининг қазоларини адо қилишга тўғри келади. Доно халқимиз: “Бугунги ишни эртага қўйма”, “Қол­ган ишга қор ёғар” де­ган мақолларни бежиз айтмаган.
Охират зоди роҳиласи ичида бирин­чи ўринда намоз туради десак, хато қил­маймиз. Намозга чақириқ бўлмиш азонда “Ҳайя алас солаҳ!”, “Ҳайя алал фалаҳ!”, ­яъни, “Намозга шошилинг! Нажотга шошилинг!” де­ган чақириқ икки мар­та­дан так­рорланади. 
Ҳаёт таянчларидан бири – мол-дунё. Инсон яхши ҳаёт кечириши учун жисмининг табиий эҳтиёжи бўлмиш моддий озуқага эътибор бериши керак. Шунинг учун динимизда тарки­дунёчилик, яъни жисмнинг эҳтиёжларини қондирмай, буткул ташлаб қўйиш мумкин эмас. Аксинча, унинг эҳтиёжларини шариатнинг аҳкомларига мувофиқ қондириб бориш ва бу борада тўғри йўл тутиш керак. Маишатпарастликка берилиб, ҳаётнинг маъно-мазмуни фақатгина жисм, нафс талабларини юқори даражада адо этишда деб тушуниб қолмаслик керак. Шу билан бирга, жисмни тирикчилик, оғир меҳнат билан, ортиқча қийноқларга солиб, уни бирор касб-ҳунар билан шуғулланишга ҳам, ҳатто ибодатларни адо этишга ҳам яроқсиз ҳолга келтириб қўймаслик керак. Банда меъёрида ҳаракат қилиб, бировга қарам бўлмай, тиланчи ёки гадойга айланиб қолишдан сақланиши лозим. Бундан ташқари, яшаш учун саъй-ҳаракат қилишда, нафақат ўзининг, балки қарамоғидаги аҳли аёли, бола-чақаси ва яна бир қанча камбағал-мискинларнинг ҳам нафақасини адо этишдек хайрли амаллар бор.
Инсон жасад ва руҳдан иборат экан, ҳар иккаласининг ҳам ўзига яраша талаблари, лаззатланишга эҳтиёжи бор. Кимки бу иккисининг талабларига қарши чиқиб, табиий фитратни бузса, ҳаёти издан чиқади. Бунинг мисолларини тарихдан ҳам, ҳозир ҳам истаганча топиш мумкин. Бутун борлиғини, мол-дунёсини, куч-қувватини фақат моддий эҳтиёжларга бўйсундирганларнинг худди ҳайвон каби ҳаёт кечираётганини кўриб турибмиз.
Инсон мазкур жисмоний талабларни ҳалол йўл билан адо этмаса, унга ҳаракат қилмаса, моддийлик ундан ғолиб келиб, шайтон ва нафси уни ҳаром йўл билан бўлса ҳам эҳтиёжларини қондиришга чорлайди.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг раҳ­матига эришган, ҳавои нафсига қарши турадиганлардан қилсин!
 
Обиджон МАМАЖОНОВ,
Паркент туманидаги “Одилжон ота” 
жоме масжиди имом-хатиби