Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Тилга енгил, тарозуда оғир, Раҳмонга суюкли икки калима: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил азийм”дир» (Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий ва Ибн Можа).

Шарҳ:

“Икки калима...”дан, мурод тугал маъноли икки жумладир. “Тилга енгил”, ­яъни айтиш осондир. “Тарозуда оғир...” Бу ўринда тарозудан мурод, охиратда бандаларнинг амаллари ўлчанадиган тарозудир. “Раҳмонга суюкли...” Бу ҳадисда Аллоҳ тао­лонинг гўзал исмлари орасидан Раҳмон исми ёд этилишининг боиси, Аллоҳ таолонинг бандаларига раҳмати ва меҳрибонлиги чексизлигидир, Аллоҳ таоло бандаларининг оз амалларига ҳам кўп савоб беришини баён этишдир.
“Раҳмонга суюкли” дейилишида у калималарни кўп такрор қилиб юришга тарғиб бор. Баъзи шориҳлар “Раҳмонга суюкли” жумласини, у калималарни айтиб юрувчиларни Аллоҳ таоло яхши кўради, деб ҳам шарҳлашган.
“Субҳаналлоҳи”, яъни “Аллоҳ таоло барча нолойиқ сифатлардан покдир”. “Биҳамдиҳи”, яъни “Унга ҳамд айтиб”. “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” жумлаларининг маъноси бундай: “Аллоҳга ҳамд айтиб, Унинг барча нолойиқ сифатлардан поклигини ёд этаман”. “Субҳаналлоҳил азийм” жумласи “Улуғ Аллоҳ барча айбу нуқсондан покдир”, маъносини англатади.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким бир кунда “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи...”ни юз маротаба зикр қилса, унинг барча кичик гуноҳлари, гарчи денгизнинг кўпигидан кўп бўлса ҳам, кечирилади», дедилар.
Абу Зар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенга қайси сўз Аллоҳга суюкли эканини айтайми?” дедилар. Мен: “Айтинг, ё Расулуллоҳ”, дедим. У зот: “Сўзларнинг Аллоҳга энг суюклиси “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи...”, дедилар».
 
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
– ҳадисда Аллоҳ таолони доимо зикр қилиб юришга тарғиб бор;
– охиратда бандаларнинг амаллари ўлчанадиган тарозу ҳақдир;
– Аллоҳ таолонинг раҳмати кенгдир. У оз амалга ҳам кўп савоб беради.
 
Манбалар асосида 
Бадриддин САДРИДДИН ўғли 
тайёрлади.