Уқба ибн Омир (розияллоҳу  анҳу)дан ривоят қилинади:  “Эй Аллоҳнинг расули, нажот нима?” – деб сўрадим. У зот: “Тилингни тий. Уйинг сени сиғдирсин. Хатоларинг­га йиғла”, – дедилар (Имом Термизий ривояти).
Бандадан содир бўладиган аксар гуноҳларга унинг тили сабаб бўлади. Ҳадиси шарифда: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхшиликни гапирсин ёки сукут сақласин”, де­йилган (Муттафақун алайҳ). Демак, айтиладиган сўзларда яхшилик бўлсагина гапириш, акс ҳолда жим туриш зарурдир.
Абу Саъид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: «Одам боласи тонг оттирганида унинг барча аъзолари тилга ёлвориб: “Биз ҳақимизда Аллоҳдан қўрқ. Бизларнинг ҳолимиз сенга боғлиқ. Агар сен тўғри бўлсанг, биз ҳам тўғри бўламиз. Агар сен эгри бўлсанг, биз ҳам эгри бўламиз”,  дейди» (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашиш­ларида яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз” (Нисо, 114).
Абул Қосим Қушайрий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Ўз вақтида сукут сақлаш  ва мавриди келганида сўз айтиш шарафли хислатлардандир”.
Донишмандлар айтади: “Инсон маблағини тежаб сарфлагани каби, зарурат туғилсагина сўзлаш лозим”.
Луқмони ҳаким ўғлига: “Агар сўз кумушдан бўлса, сукут тиллодандир”, деганлар.
“Уйинг сени  сиғдирсин”. Уй мўмин банда учун хотиржамлик ва ҳаловат мас­канидир. Бандага ташқаридаги гўзаллик­лар жозибали кўринса-да, уйидаги хотиржамликка етмайди. Солиҳа жуфти ҳалол ва фарзандлар камолини кўриш инсон учун дунёю охират бахт-саодатидир. Аксинча, жанжал, тўполон, ўзаро низо ва асаббузарликлар бўлган маскандан файз-барака кетади. Инсон ундай маскандан узоқлашиш илинжида бўлади.
“Хатоларингга йиғла”. Хато­ларга йиғлашдан мурод гуноҳлар учун афсус-надомат чекиш, тавба қилиш, қайтиб гуноҳ қилмасликка азму қарор этишдир.
Али ибн Абу Толиб (каррамаллоҳу важҳаҳу) айтади: “Тавба олти нарсадан иборатдир: қилган гуноҳларига пушаймон бўлиш, қолдирган фарз амалларини қазосини адо этиш, ҳақ эгаларини рози қилиш, маъсият орқали семирган нафсни тоат билан муолажа этиш, хатоларини савобларга, ўйин-кулгиларини тавба йиғисига алмаштириш”.
 

Манбалар асосида
Абдулазиз МЎМИН тайёрлади.