Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Муознинг қўлини ушлаб: “Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, сени яхши кўраман, Аллоҳга қасамки, сени яхши кўраман”, дедилар. Сўнг: «Эй Муоз, сенга ҳар бир намоздан сўнг: “Аллоҳумма, аъинний ала зикрика ва шукрика ва ҳусни ибадатик”, деб айтишни асло тарк этмаслигингни васият қиламан» дедилар (Имом Абу Довуд).

«Аллоҳумма аъинний (агар дуо пайтида кўпчилик бўлса, “...аъинна”, яъни “...бизга” деб, кўпликда айтилади) ала зикрика ва шукрика ва ҳусни ибадатик».
Маъноси: “Ё Аллоҳ! Зикрингни, шук­рингни ва ибодатингни гўзал адо этишимда менга ёрдам бер”.
Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Муознинг қўлини ушлаб: “Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, сени яхши кўраман, Аллоҳга қасамки, сени яхши кўраман”, дедилар. Сўнг: «Эй Муоз, сенга ҳар бир намоздан сўнг: “Аллоҳумма, аъинний ала зикрика ва шукрика ва ҳусни ибадатик”, деб айтишни асло тарк этмаслигингни васият қиламан» дедилар (Имом Абу Довуд).
Аллоҳни зикр қилиш амалларнинг энг афзалидир. Зикр тил ва қалб ибодатидир. Аллоҳ таоло бундай буюрган: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилингиз. Ва эртаю кеч Унга тасбеҳ айтингиз!» (Аҳзоб, 41–42).
Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш ҳақидаги амр шу маънодаги бошқа оятларда ҳам бор.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир қавм ўтириб Аллоҳни зикр қилса, уларни малоикалар ўраб олади ва раҳмат қоплайди. Устларига хотиржамлик туширади. Аллоҳ уларни Ўзининг ҳузуридагилар (яъни, фаришталар) билан эслайди”, деганлар (Имом Муслим).
Қуръони каримни ўқиш ҳам зикр­дир. Балки, у зикрларнинг энг афзалидир. Шунингдек, таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ), тасбеҳ (Субҳаналлоҳ), таҳмид (Алҳамдулиллаҳ), истиғфор (Астағфируллоҳ) ва Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтиш ҳам зикр ҳисобланади.
Намоз ҳам зикрнинг бир туридир. Шукр қалб ибодатидир. Зеро, шукр қилиш уч йўл билан амалга ошади: сўз билан, амаллар билан ва қалб билан. Шукр қилиш неъматларнинг кўпайиши ва муҳофаза қилинишига сабаб бўлади.
Ибн Ражаб (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Банда Аллоҳ таоло унга берган ҳар бир неъмат учун шукр қилиши керак. Берилган неъматлар учун шукр қила олишнинг ўзи бир неъмат ва бу неъмат учун ҳам шукр қилиш лозим бўлади”.
Ибодатни гўзал адо этишдан мурод уни шартларига, фарзларига, вожибларига, суннатларига, мустаҳабларига ва одобларига мувофиқ адо этишдир. Аллоҳнинг шариати ва Набий (алайҳиссалом)нинг суннатларига мувофиқ бўлган ва Аллоҳ розилиги учун холис адо этилган ибодат – гўзал адо этиладиган ибодатдир. Бу Аллоҳ таолога чин дилдан, ихлос билан ибодат қилиш, Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатмаларига амал қилиш ва турли бидъатлардан узоқлашиш билан амалга ошади.
Шунинг учун ҳам Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларининг севикли саҳобалари Муоз (розияллоҳу анҳу)га шу дуони ҳар бир намоздан сўнг тарк этмай айтишни насиҳат қилдилар.
Аллоҳ таоло барчамизга Ўзининг зикрини, шукрини қилишимизда ва ибодатларини гўзал адо этишимизда мадад берсин. Омин!

Бадриддин САДРИДДИН
ўғли тайёрлади.