Яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш барча пайғамбарларнинг суннати. Аллоҳ таоло яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарганларга улуғ ажр ваъда қилган, уни тарк қилиш эса дунё ва охиратда қаттиқ азоб сабабидир. “Одамлар ёмонликни кўриб, ундан қайтармасалар, Аллоҳ уларнинг барчаларига азоб тушириши яқиндир” (Имом Аҳмад ривояти), дейилади ҳадиси шарифда.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буни чиройли ўхшатиш билан тушунтириб берганлар: “Аллоҳнинг қайтарганларидан тийилганлар ва қайтарилганларни қилганлар қуръа ташлаб, кемани тақсимлаб олганларга ўхшайди. Бир гуруҳга кеманинг пастки қисми, иккинчисига юқориси теккан. Пастдагилар сув олиш учун юқоридагилар олдидан ўтиб, уларга азият беришарди. Шунинг учун “Ўзимизга теккан қисмдан бир тешик очиб, тепадагиларга азият бермасак яхши бўларди”, дейишди. Агар юқоридагилар буларни ўз ихтиёрига  қўйишса, ҳаммалари ҳалок бўлишади. Агар қайтариб қолишса, ўзлари ҳам, бошқалар ҳам омон қолишади” (Имом Бухорий, Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадисда яхшию ёмонлардан иборат жамиятнинг мисолини кўрамиз. Жамият аъзолари тўлқинлар оралаб су­зиб бораётган бир кема аҳлига ўхшатилди. Улар иккига бўлиниб, қуръа ташлашиб, ўзларига тегиш­ли қисмни аниқлаб олган. Кема тепасидаги гуруҳ атрофни томоша қилиб, роҳатланиб кетмоқда. Пастдагилар эса уларнинг акси, бунинг устига, ичадиган сувларини ҳам юқоридан олишади. Шунда уларда бир фикр туғилди: “Кеманинг ўзимиз турган еридан бир тешик очиб, биратўла сув ташишдан ҳам, қўшниларни безовта қилишдан ҳам қутулганимиз яхшимасми?!” Ке­йин тешаларини чиқариб, кеманинг пастини теша бошладилар. Юқоридагилар тешалар овозини эшитиб келишиб, уларни бу ишдан қайтаришганда, улар: “Бу ер ўзимизнинг бўлагимиз, хоҳлаган ишимизни қиламиз”, дейишди. Агар уларни ўз ҳолларига қў­йишса, кема чўкиб, барча ҳалок бўлади. Агар қаттиқ туриб, уларни бу ишдан қайтаришса, ҳаммалари соғ-омон қолади.
Биз ҳам ҳаётда шундаймиз. Ер юзида ана шу кема аҳли каби яшаймиз. Орамизда яхшию ёмон, солиҳу фожирлар бор. Агар бузғунчилар, ёмонлар ўз ҳолларига  ташлаб қўйилса, яхшилар, солиҳлар уларга насиҳат қилишмаса, ёмонликдан қатъият билан қайтаришмаса, барча ҳалокатга учрайди. Агар ёмонлик йўллари тўсилса, кема барчани омонлик соҳилига элтади.
 

Жамшид ШОДИЕВ
тайёрлади.