Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳ учун холис ҳаж қилиб, нолойиқ сўзларни гапирмаса ҳамда гуноҳ қилмаса, у ҳаждан (гуноҳлари кечирилиб) онадан туғилган гўдакдек қайтади (Имом Бухорий ривояти).
Ҳаж ибодати динимизнинг беш рукнидан бири ҳисобланади. Унинг фарзлигига ушбу оят далолат қилади: “…Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир…” (Оли Имрон, 97).
Банда ҳаж қиларкан, ёлғиз Аллоҳ таоло розилигига эришишни кўзлаши ва Ундан савоб умид қилиши керак. Ҳаж сафарида тижорат, саёҳат ва шунга ўхшаш дунёвий мақсад кўзланса, банда ваъда қилинган мақомларга эришолмайди. Чунки ким нимани ният қилса, ўшанга етади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади…”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Биринчи умра иккинчи умрагача бўлган гуноҳларга каффоратдир. Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдир”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). Демак, ҳаж сафарида Аллоҳ таоло розилигидан ўзга нарсани қасд қилган кимса буюк мукофотдан маҳрум бўлади.   
“…у ҳаждан (гуноҳлари кечирилиб) онадан туғилган гўдакдек қайтади” – гуноҳлари кечирилган инсон янги туғилган гўдакка ўхшатилмоқда. Гўдак ислом фитратида туғилиб, барча гуноҳлардан маъсум бўлади. Ким тилини фаҳш сўзлардан тийиб, барча гуноҳлардан сақланган ҳолда ҳаж ибодатини бажарса, у гўдак каби маъсум ва гуноҳлардан пок бўлади.    
Демак, ҳажжи мабрур бандани Аллоҳ таолонинг розилигига етказувчи ибодатдир. Аллоҳ таолонинг фазли билан ҳажи мабрур бўлган банда сўнг гуноҳ қилмаса, охиратда набийлар, сиддиқлар ва солиҳ зотлар билан бирга бўлади.  
 

Манбалар асосида
Баҳриддин ЖЎРАБЕК ўғли тайёрлади.