Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Раббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг. Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам инфоқ-эҳсон қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни афв қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни яхши кўради” (Оли Имрон, 133–134).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Бир киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га “Менга насиҳат қилинг”, деди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Ғазабланма”, дедилар. У (саволини) бир неча бор так­рорлаганида ҳам Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ғазабланма”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Комил мусулмон доимо мулойим ва ҳаёли бўлади. Одамларга озор беришдан сақланади, интиқом олишга қурби етса-да, кечириб юборади, қийинчиликларга бардош билан сабр қилади.
Гарчи кишининг билаклари қувватга тўла, жисми соғлом бўлса-да, ғазаб туфайли бу кучини зарур мақсадга йўналтиролмаслиги оқибатида мағлубиятга юз тутиши мумкин. Шунинг учун мақсадга фақат жисмоний қувват билан эмас, балки ғазабни енга олиш ва оқилона иш юритиш билан эришилади.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ҳаммани йиқитадиган паҳлавон кучли эмас, балки ғазаб келганда ўзини қўлга оладиган киши кучлидир”» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Ғазабланган пайтда ҳолатни ўзгартириш ҳам жаҳлни енгишнинг самарали усулларидандир.
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Сизларнинг бирортангиз тик турган ҳолда ғазабланса, ўтириб олсин. Агар ундан ғазаб кетса, кетди, бўлмаса, ёнбошлаб олсин” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Киши ғазабланган ҳолда гапирмаслиги керак. Чунки у бу ҳолатда гапирса, ғазабини зиёда қиладиган жавоб олиши ёки кейинги пушаймонга сабаб бўладиган гап айтиб юбориши мумкин. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қачонки бирортангиз ғазабланса, сукут қилсин”, дея уч бор такрорладилар (Имом Аҳмад, Термизий, Абу Довуд ривояти).
Ғазаб жисмда ҳароратни кучайтиради. Шу боис, бундай пайтда таҳорат олиш ғазаб алангасини ўчиради.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Албатта ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилган. Бирортангиз ғазабланса, таҳорат олсин” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Манбалар асосида Фарғона вилояти Бағдод тумани “Қўштегирмон”
жоме масжиди имом-хатиби
Муҳаммадсафохон ДАВЛАТЁРОВ тайёрлади.