Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):  “Албатта, Аллоҳ таоло ғазаб қилади. Мўмин ҳам ғазаб қилади. Мўмин банда Аллоҳ ҳаром қилган ишни қилса, Аллоҳ таолонинг ғазаби келади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ойша (розияллоҳу анҳо): “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзлари учун ҳеч қачон интиқом олмаган, фақат Аллоҳ таолонинг буйруқлари поймол этилгандагина ўч олганлар”, деди (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таолонинг буйруқлари поймол этилганда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ғазаблари жуда ҳам қаттиқ бўларди. Чунки у зот Аллоҳ ва Унинг дини учун ғазаб қилардилар.
Ўз аҳлини ва яқин маҳрамларини бегоналар билан кўрганда ғазаб қилмайдиган ва рашк қилмайдиган кимсани даюс дейилади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қиёмат куни Аллоҳ таоло уч кишини жаннатига киритмайди деганлар. Улар қуйидагилар:
Ота-онасига оқ бўлган фарзанд; даюс; ўзини аёлларга ўхшатадиган эркак ва эркакларга ўхшатадиган аёл (Имом Байҳақий ривояти).
Зайд ибн Аслам (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рашк имондандир. Беномуслик, шармандалик, уятсизлик – мунофиқликдир. Оиласидаги фаҳш ишларга рози бўлиш эса, даюсликдир”, дедилар.
Ҳазрат Паҳлавон Маҳмуд машҳур байтларида бундай ёзади:

Эрлик ғуруринг бўлса, эй Аллоҳ суйган,
Аҳли аёлинг безаб чиқарма уйдан.
Мевали шох агар чиқса кўчага,
Тама қилар ўтган йўловчи ундан.


Ўз аҳлини рашк этиш ва қизғаниш ҳатто ҳайвонларда ҳам мавжуд бўлиб, фақатгина тўнғиз бундан мустаснодир.

Жамъи жониворлар тушса кўзга,
Ҳамиятли бўлур тўнғиздин ўзга.


Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Бас, (эй Муҳаммад! Умматингизга) эслатинг! Зотан, Сиз (ҳозирча) фақат эслатувчидирсиз. Уларнинг устидан зўравонлик билан ҳукм юргизувчи эмассиз» (Ғошия, 21–22).
Шу икки ояти карима амрига мувофиқ, эслатмоқдамиз, холос. Аллоҳ таоло ҳаммамизни турли хил иллатлардан Ўзи халос қилсин ва паноҳида асрасин. Юртимиз тинчлиги ва осмонимиз мусаффолигини абадий қилсин.

Тошкент Ислом институти 4-курс талабаси
Абдусамад ТОЖИДДИНОВ
тайёрлади.