Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банда ҳар доим эрталаб уйғонганида, икки фаришта осмондан тушиб, улардан бири: “Ё Парвардигор, хайр-эҳсон қилувчи бандангнинг мол-дунёсини янада зиёда қилгин!” Иккинчиси эса, “Ё Парвардигор, мумсик (хасис) бандангнинг мол-дунёсига қирон келтиргин!” деб айтади”, деганлар» (Муттафақун алайҳ).

Имом Нававий ушбу ҳадис шарҳида: “Бу ўринда ташвиқ этилаётган инфоқ тоат йўлига, оилага, мусофирга, Аллоҳ таоло розилиги учун қилинган барча ихтиёрий харажатларни қамраб олади”, деган. Имом Қуртубий эса бу ҳадисда вожиб, мандуб садақа ва инфоқ-эҳсонлар назарда тутилган, дейди.

Қуръони каримда мўминлар инфоқ-эҳсон қилишга тарғиб этилган: «Эй имон келтирганлар! На савдо-сотиқ, на ошна-оғайничилик ва на шафоат (қилиб ўртага тушиш) бўлмайдиган кун (қиёмат) келишидан олдин сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан (шу дунёда) эҳсон қилингиз» (Бақара, 254).

«Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимли Зотдир» (Бақара, 261).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Бахил ва садақа қилувчи бўғзидан кўкрагигача темир жубба кийиб олган икки кишига ўхшайди. Саховатли киши садақа бериши билан жуббаси кенгайиб, ҳатто юз-қўлидаги темир излари йўқолади. Аммо бахил одам садақа қилмоқчи бўлиши билан жуббасининг ҳар бир ҳалқаси баданини тобора сиқа бошлайди, бахил ҳар қанча чиранмасин, жуббаси кенгаймайди” (Имом Бухорий ривояти). Яъни, сахий одам садақани ҳеч қийналмай, чин юракдан беради, аммо хасис одам ўзини зўрлаб, минг азобда беради. Чунки у Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг садақа билан мол камаймаслиги ҳақидаги сўзларига ишонмайди.

Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб қилинган ҳар қандай эҳсон ва эзгу ишга савоб бор. Мўмин киши имкони даражасида садақа қилар экан, бу иши билан ҳам ибодат, ҳам муҳтожларни хурсанд қилиш савобига эришади. Бундай савобга эришиш учун бой-бадавлат бўлиш шарт эмас. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар бир мусулмон садақа бериши кераклигини айтар экан­лар, садақа беришга қурби етмаганлар меҳнати билан муҳтожларга ёрдам бериши, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариши ва бу ишларнинг ҳеч бирини ҳам қилолмаганларнинг бир ширин сўз айтиши ҳам садақа эканини айтганлар.

Халқимиз ножўя гапларни, нохуш тилакларни  эшитганда: “Ундай дема, фаришталар “омин” деб қўймасин!” дейди. Фариштанинг бир марта омин дейишидан қўрқилади. Ваҳоланки, ҳадисда икки фаришта инфоқ қилганнинг молига барака кириши ва кўпайишини, хасислик қилганнинг моли эса аксинча, камайиши ва баракаси кетишини тилаб, тинмай дуо қилиб туриши таъкидланмоқда. Оқил одам бундан тегишли хулоса чиқариши шубҳасиз.

Манбалар асосида Асака тумани бош имом-хатиби
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
тайёрлади.