Баро ибн Oзиб (розияллоҳу анҳу) айтади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизни етти нарсага буюриб, етти нарсадан қайтардилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга жанозада қатнашишни, беморларни зиёрат қилишни, aкса урган одамни дуо қилишни, чақирилган жойга боришни, мазлумга ёрдам беришни, қасамнинг устидан чиқишни ва саломга алик олишни буюрдилар. Бизларни тилло узук ва ҳалқа тақишдан, кумуш идишдан фойдаланишдан, ипак (ва ундан тўқилган), дийбож (кимхоб), истаброқ (дағал ипак мато) ва қосий (ипак билан зиғир ипидан тўқилган) матоларидан тикилган либосларни кийишдан қайтардилар” (Имом Термизий).

Жанозада қатнашишдан мурод маййитга жаноза намозини ўқиш ва дафн қилишдир. Жанозада қатнашишнинг ажр-савоби улкандир. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким жанозада қатнашса, унга қийрот савоб берилади”, деганлар ва қийротнинг Уҳуд тоғидай бўлишини айтганлар (Имом Муслим).


Беморларни зиёрат қилиш суннатдир. Шунинг учун ҳар бир мўмин-мусулмон бу суннатга ҳам амал қилиши лозим. Беморларни зиёрат қилишнинг фазилати ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Касални зиёрат қилувчи то қайтиб келгунича жаннатнинг йўлида бўлади”, деганлар (Имом Муслим).

Никоҳ тўйига таклиф қилинган одам у ерда динимизда қайтарилган нарсалар бўлмаса, бориши лозимдир. Ундан бошқа маросимларга чақирилганида бориш мустаҳабдир. Бу ҳақда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бирор киши никоҳ тўйига таклиф қилинса, албатта борсин”, деганлар (Ибн Можа ривояти).

Мазлумга ёрдам бериш лозим. Мазлум мусулмон бўладими ё бошқа дин вакили бўладими, унга ёрдам бериш керак. Ислом нақадар гўзал ва бағрикенг дин, мўмин-мусулмон қариндошларимиз ҳақини адо этишга, бошқа дин вакилларига ҳам яхшилик қилишга буюради. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир мўминнинг ғам-ташвишини кетказса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг ғам-ташвишини кетказади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Бажаришга қасам ичилган ҳалол ишни амалга ошириш керак. Ҳалол бўлмаган ишга ичилган қасам бузилиши керак.

Салом бериш суннат амалдир. Унга алик олиш эса вожибдир. Салом берувчи алик олувчидан кўпроқ савобга эга бўлади. Алик олувчи: “Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу” дейиши афзалдир. Салом-аликнинг кўплаб фойдалари бор. Жумладан, мўминлар ўртасидаги дўстлик ва меҳр-муҳаббат алоқалари мустаҳкамланади.  Шунингдек, салом бериш ва алик олиш инсоннинг зийнати бўлиб, камтарлик ва қалб поклигига далилдир.

Киши акса уриб: “Алҳамдулиллаҳ” (Аллоҳга ҳамд бўлсин) деса, уни эшитганлар “Ярҳамукаллоҳ” (Аллоҳ сенга раҳм қилсин) дейди. Акса урувчи бунга “Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум” (Аллоҳ сизларни ҳидоят этиб, ишларингизни ислоҳ қилсин) дейди. Акса уриш уч мартадан ўтиб кетса, “Аллоҳ таоло сенга шифо берсин”, дейилади.

Бу ҳадисда кумуш идишдан фойдаланишдан қайтарилмоқда. Бошқа ҳадиси шарифда тилло идишдан ҳам фойдаланиш мумкин эмаслиги қайд этилган. Кумуш ва тилло идишларда таом ейиш ва ичимлик ичиш жоиз эмас. Чунки бундай қилишда ҳаддан ошиш, кибр­га кетиш ва исроф бордир. Бу ҳукмда эркагу аёл баробар. Тилло узук, ҳалқа ва билакузук кабиларни тақиш эркакларга ҳалол эмас. Бу ҳақда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир кишининг қўлида тилло узукни кўриб, уни ечиб олдиларда: “Сизлар қўлга тилло узук тақиб, дўзахнинг чўғини хоҳлайсизларми?” дедилар» (Имом Муслим).

Дийбож, қосий, истаброқ каби матолар ипакдан тўқилган. Шунинг учун бу матолардан фойдаланиш эркакларга мумкин эмас. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) чап қўлларига ипакни, ўнг қўлларига тиллони олиб, иккисини кўтариб: “Бу иккиси – тилло ва ипак умматимнинг эркакларига ҳалол эмас, аёллар бундан мустасно”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Манбалар асосида
Баҳриддин ЖЎРАБЕК ўғли
тайёрлади.