Қуръони каримда бундай баён қилинади:
(Эй инсон!) Аллоҳ пок сўзга (яъни, имон калимасига) қандай мисол келтирганини кўрмадингми?! (У сўз) худди бир яхши дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи (ер остига) ўрнашган, шохи эса осмондадир. Парвардигорининг изни билан (у) мудом мева берур. Аллоҳ одамлар эслатма олишлари учун мана шундай мисолларни келтирур” (Иброҳим, 24–25).

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)­дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дарахтлар орасида бир дарахт бор, унинг барглари тўкилмайди! У мўминга ўхшайди! У қайси дарахтлигини менга айтинг?” дедилар. Инсонлар (саҳобалар) уни саҳро дарахтларидан бири деб айтишди. Абдуллоҳ ибн Умар айтади: “Мен у хурмо дарахти бўлса керак, деб ўйладим, лекин айтишга ҳаё қилдим”. Сўнг саҳобалар: “У нималигини ўзингиз айтинг, Ё Расулуллоҳ”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У хурмо дарахтидир”, дедилар (Имом Бухорий).

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўпинча саҳобаларга савол бериб, ўзлари жавоб берардилар. Чунки таълим беришнинг бундай услуби шогирдлар зеҳнида илмни мустаҳкам ўрнашишига, узоқ вақт ёдда сақланиб қолишига сабаб бўлади.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу): “У хурмо дарахти эканини билдим-у, айтишга ҳаё қилдим” дедилар. Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) мажлисдагиларнинг орасида энг ёши бўлганларидан, Абу Бакр ва Умар каби буюк саҳобалар сукутда турганларини кўриб одоб сақладилар. Мажлисдагилар тарқалгач, Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) саволнинг жавоби хурмо дарахти эканини билганини, лекин ҳаё қилиб айтмаганини отаси Умар (розияллоҳу анҳу)га айтди. Умар (розияллоҳу анҳу) унга: “Саволга жавоб беришинг, менга қизил туядан ҳам яхшироқ эди”, дедилар. Чунки қизил туя ўша даврда энг қадрли, қимматбаҳо саналарди.

Хурмо севиб истеъмол қилинади. Меваси қуритилгани­дан сўнг ҳам яхши озуқа бўлади. Дарахтнинг ўзи ҳам чиройли, барглари тўкилмайди, шох-шаб­ба ва барглари ҳайвонларга ях­ши емишдир. Мўмин банданинг ҳам чиройли хулқи, тоат-­ибодати, намоз, рўза, қироат, зикрларда давомийлиги, садақа ва силаи раҳмни узмаганлиги боис, инсонларга фойдаси кўп тегади.

Хурмо барака ҳамдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлардан бирор киши ифтор қилмоқчи бўлса, оғзини хурмо билан очсин. Чунки хурмо баракадир”, деганлар (Имом Термизий). Хурмо дарахти салобатли, бақувват бўлади. Худди шундай комил мўмин ҳам динида матонатли, имон ва ишончда қувватли, машаққатларни чидам билан енгиб, Аллоҳ таолога шукр қилувчидир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу мисолни келтириш орқали мўмин-мусулмонларни хурмо дарахти каби яхшиликлари кўп, фазилатлари мўл бўлишга ундаганлар.

Манбалар асосида
Баҳриддин ПАРПИЕВ тайёрлади.