Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
“Яхши сўз садақадир”, дедилар»
(Имом Бухорий).

Яхши сўз асалдан лаззатли, жазирама иссиқда муздек сувдан ҳам тотли бўлади. Шунинг учун уни хуш кўрмайдиган инсон йўқ. Ҳатто ёш болалар ҳам яхши сўзни эшитиши билан хурсанд бўлиб кетади.     

Бирор инсонга совға берилса, унинг кўнгли шодликка тўлиб, ҳадя берган одамга нисбатан қалбида муҳаббат пайдо бўлади. Натижада унга бўлган баъзи гина-кудуратларни ҳам унутади. Ширин сўз ҳам инсон қалбигa хурсандчилик ва фараҳ бахш этади. Шунинг учун Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Яхши сўз садақадир”, деганлар.  

Ширин сўзли бўлиш ҳам Аллоҳ таолонинг инъомидир. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар доимо яхши сўзларни зикр қилиб, ёмон сўздан сақланишлари лозим.  Банда тилини ширин сўзлар айтишга одатлантирмоғи лозим. Яхши сўзни одат қилганлар узр сўрашга муҳтож бўлмайдилар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “…одамларга ширинсўз бўлинг…” (Бақара, 83).

Яхши сўзнинг таъсири қалбда боқий қолади. Ёмон сўз эса ғазабни келтиради. Шу боис тиғ жароҳати тузалар, тил жароҳати эса битмас, деб бежиз айтилмайди.

Али (розияллоҳу анҳу): “Инсонларга молингиз билан ёрдам бера олмасангиз, уларга чиройли хулқингиз билан ёрдам беринг­лар”, деган.  Қуръони каримда марҳамат қилинади: “(Садақа бермасдан) яхши гап (қилиш) ва (бера олмагани учун) кечирим (сўраш) кетидан озор етказиладиган садақадан яхшироқдир. Аллоҳ беҳожат ва  ҳалимдир” (Бақара, 263).

Манбалар асосида
Баҳриддин ПАРПИЕВ
тайёрлади.