Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким мўминнинг дунё машаққатларидан бирини аритса, Аллоҳ унинг охират машаққатларидан бирини кетказади. Ким мусулмонни айбини беркитса, Аллоҳ унинг дунё ва охиратда айбини яширади. Банда биродарига ёрдам кўрсатаркан, Аллоҳ таоло унга мадад беради”, дедилар» (Имом Термизий).   

Машаққат деганда, ҳаёт қи­йинчиликлари ва камчиликлари, қайғу, ғам-алам тушунилади. Шубҳасиз, қиёмат кунининг машаққати оғир ва қаттиқ бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қиёмат кунининг ташвишидан нажот топиш кимни хурсанд қилса, қийналган одамга ёрдам берсин!” деганлар (Имом Муслим).
Қиёматдаги машаққат ва қи­йинчиликлар ҳақида Қуръони каримда бундай огоҳлантирилади: “Эй инсонлар! Раббингиздан қўрқингиз! Зеро, қиёмат зилзиласи улкан (даҳшатли) нарсадир. Уни кўрадиган кунингизда ҳар бир эмизикли она эмизиб тургани (боласи)ни унутар ва ҳар бир ҳомиладор ўз ҳомиласини ташлар ҳамда одамларни «маст» ҳолда кўрасиз, ҳолбуки, улар маст эмаслар, лекин Аллоҳнинг азоби қаттиқдир” (Ҳаж, 1–2).

Ким қийналган кишига ёрдам бериб, оғирини енгил қилса ва ҳожатини чиқарса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги машаққатини аритади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким биродарининг ҳожатини чиқарса, унинг ҳожатини Аллоҳ чиқаради”, деганлар (Имом Муслим ривояти).  

Қарздорга муҳлат бериш ёки қарзни кечиб юбориш ёрдам ва енгилликдир. Маҳалладаги боқувчиси йўқ ва муҳтожларга таом бериш, уларнинг ҳолидан хабар олиш машаққат ва ташвишни кетказишдир. Мўмин-мусулмонлар ўзаро меҳр-оқибатли бўлиб, бир-бирларига ёрдам беришлари, уларнинг қиёматда нажот топишлари ҳамда Аллоҳ таолонинг маҳбуб бандалари бўлишларига сабабдир. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Бир киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб: “Аллоҳга севимли инсон ким ва Аллоҳга севимли амал қайси?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга энг севимли инсон, одамларга кўп манфаати тегадиган киши. Аллоҳга энг севимли амал, мусулмоннинг қалбига хурсандчилик бахш этиш, унинг ташвишини кетказиш, қарзини тўлаб бериш, қорнини тўйғазишдир. Мен бир дўстимнинг ҳожатини чиқариш учун елиб-­югуришим Масжидун Набавийда эътикоф ўтиришимдан яхшироқдир…”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

Ўзганинг айбини беркитиш – суннат амал. Ким бошқанинг айбини ошкор қилмаса, унинг камчилик ва нуқсонларини Аллоҳ таоло яширади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банда биродарининг айбини ошкор қилмаса, қиёмат куни унинг айбини Аллоҳ беркитади”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Ҳадисдаги “айб” сўзининг маъноси умумий бўлиб, ундан инсон хилқати ва хулқига боғлиқ камчиликлар ҳамда турли ноқислик­ларнинг барчаси тушунилади. Одамлар кўз ўнгида очиқдан-­очиқ гуноҳ қилмайдиган кишидан бирор камчилик содир бўлса, уни ошкор қилмаган яхши. Ёмонлик ва фасод ишларни қилиб юрадиган кимсанинг айбини ошкор қилишнинг зарари йўқ.

Манбалар асосида
Баҳриддин ЖЎРАБЕК ўғли
тайёрлади.