Муғира ибн Шуъба (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло оналарингизга оқ бўлишни, қизларни тирик­лайин ерга кўмишни ҳаром қилиб, мумсикликдан (закот ва ушр каби зиммага вожиб бўлган нарсаларни бермасликдан) ва таъма (олишга ҳақли бўлмаган нарсани талаб) қилишдан қайтарди. Аллоҳ таоло миш-миш гаплар тарқатишни, кўп савол беришни ва мол-дунёни беҳуда сарф қилишни ҳаром қилди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло бандаларни ўзигагина ибодат қилишга, ота-онага яхшилик ва итоат этишга буюради. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди” (Исро, 23).

Ота-онага оқ бўлиш гуноҳи кабирадир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ота-­онани ҳақорат қилиш гуноҳи кабирадир”, дедилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг расули, фарзанд ота-онасини ҳақорат қиладими?” дейишди. “Ҳа, ким бошқанинг отасини ҳақорат қилса ўз отасини, бошқанинг онасини ҳақорат қилса, ўз онасини ҳақорат қилган бўлади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло ризоси ота-она розилигида бўлади. Ота-она ғазаб қилганга у ҳам ғазаб қилади”, дедилар» (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти).

Имом Нававий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Қариндошларга ва ота-онага яхшилик қилишга амр этилганмиз. Айниқса, она боласига меҳр кўрсатиши, фарзандига ҳомиладорлик ва уни дунёга келтириш пайтида чеккан азиятлари ҳамда тарбиялаб, вояга етказишда тортган машаққатлари эвази учун ҳам яхшилик қилинишга ҳақлироқдир. Шу боис ҳам ҳадисда айнан оналар тилга олинди”.

Миш-миш гап тарқатиш ортидан ғийбат, чақимчилик, ёлғончилик каби улкан гуноҳлар содир бўлади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир эшитган нарсасини гапиравериши банданинг гуноҳкор бўлишига кифоя қилади” дедилар (Имом Муслим ривояти).

Инсоннинг гуноҳкор бўлишига кўп ҳолларда унинг тили сабаб бўлади. Умар (розияллоҳу анҳу): “Фитнадан сақланинг. Тил қиличдек фитна келтириб чиқаради”, деганлар.

Кўп савол бериш макруҳдир. Ҳажжож ибн Омир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кўп савол беришдан сақланинг­лар”, дедилар».

Уламолар заруратсиз савол бериш мумкин эмас, дейишган. Сўровчининг одоби шуки, изн бўлса, кўп вақтни олмасдан, биладиган нарсаларини эмас, балки билмаганларини сўраши лозим.

Имом Нававий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Дунё ва охиратга фойдаси йўқ ўринга молини сарф этиш, имкони бўлатуриб молни беҳуда нарсаларга ишлатиш исроф бўлади”, дейди.

Молни закот, нафл садақаларга, қариндошлик алоқаларини мус­таҳкамлашга, муҳтожларга ёрдам беришга Аллоҳ таоло рози бўладиган ўринларга ишлатиш унинг шукрини адо этишдир. Имом ибн Саъдий: “Аллоҳ таоло ҳаром қилган, инсон ҳаётига зарарли бўлган ўринларга мол сарфлаш кишини фақирликка етак­лайди”, дейди.

Молни ёшларнинг ахлоқини бузадиган, вақтини беҳуда ўтказишига сабаб бўладиган турли-туман бемаъни компьютер ўйинлари каби ноўрин жойларга сарфлаш ҳам исрофдир. Исроф эса ҳаромдир. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай” (Аъроф, 31).

 

Манбалар асосида Баҳриддин Жўрабек ўғли тайёрлади.