Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бировнинг обрўсини (тўкилишидан, яъни ғийбат қилинишидан) сақласа, Аллоҳ таоло унинг юзини (бутун баданини) қиёмат кунининг оловидан сақлайди”, дедилар (Имом Термизий, Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга: “Сизлар ғийбат нималигини биласизларми?” дедилар. Улар: “Аллоҳ ва Расули билади”, де­йишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар биродарингиз у ҳақидаги сўзингизни эшитса, сиздан хафа бўладиган бўлса, сиз уни ғийбат қилган бўласиз”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, агар биз айтган сифат унда бўлса-чи?” дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ана шу ғийбат бўлади. Агар сиз айтган сифат унда бўлмаса, сиз унга бўҳтон қилган бўласиз”, дедилар (Имом Муслим, Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).
 
Шунинг учун кимдир сизнинг ҳузурингизда бирор киши ҳақида ёмон сўз айтса, обрўсини тўкмоқчи бўлса, тезда уни тўхтатиб, биродарингизни ҳимоя қилишингиз керак. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) башорат қилганларидек, улуғ мукофотга сазовор бўласиз. Агар унинг обрўсини ҳимоя қилишга, ғийбат қилаётганни тўхтатишга кучимиз етмаса, қалбимиз билан инкор этишимиз лозим. 
 
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Эй мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли Зотдир" (Ҳужурот, 12). Ғийбатчи Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишини ўйлаши керак.
 
Яна ғийбатчининг савоблари ғийбат қилинган одамга олиб берилишини, агар савоби бўлмаса, ғийбат қилинганнинг гуноҳлари унга юкланишини ҳам билиб қўйсин. Аввало, ғийбатчи айбларини тузатишга киришсин. Ўзи айбдор бўла туриб, бошқаларни айблашдан уялсин. 
 
Мўмин-мусулмонлар ўзлари ғийбатдан четланибгина қолмай, бошқаларни ҳам бундай қабиҳликдан қайтаришга ҳаракат қилсин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусул­монлар бир-бирлари билан биродардир. Уларнинг зиммасида мусулмонлар қони, моли ва обрўсини ҳимоя қилиш бурчи бордир”, деганларидек, ҳар биримиз бунга қатъий амал қилмоғимиз зарур.
 
Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Қирқ ҳадис” асари асосида
Абдуссомад ТОЖИДДИНОВ тайёрлади.