Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Мусулмон одамнинг бошқа мусулмонда олтита ҳақи бор”, дедилар. Саҳобалар: “Улар нималар, ё Расулуллоҳ?” де­йишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар мўмин биродаринг билан учрашсанг, унга салом бер. Сени (таомга) чақирса, боргин. Насиҳат сўраса, насиҳат қилгин. Акса уриб, Аллоҳга ҳамд айтса, дуо қилгин. Касал бўлса, зиёрат қил. Вафот этса, жанозасида қатнашгин”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадиси шарифда мусулмонларнинг муштарак бир-бирларидаги ҳақлари баён этилган. Уларнинг биринчи учрашганларида, юзма-юз бўлганларида бири-бирига салом бериши ва алик олишидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёш болаларга ҳам салом берардилар. Бундан мақсад саломни ёйиш ва уларга саломлашишни ўргатиш бўлган. 
 
Салом бериш ва алик олиш бандалар ўртасида ўзаро муҳаб­батнинг пайдо бўлиши ва мус­таҳкамланишига боис бўлади. Ўзаро муҳаббат эса жаннатга киришига сабаб бўлган имоннинг мустаҳкамланишига омилдир. Бу ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жоним Унинг измида бўлган Зотга қасамки, имон келтирмагунларингча жаннатга кирмайсизлар. Ўзаро меҳр-муҳаббатли бўлмагунча, имонли бўлмайсизлар. Бажарсангиз, бир-бирингиз билан муҳаббатли бўлишингизга сабаб бўладиган амални айтайми? Ўзаро саломни ошкор қилинглар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
 
Салом бериш ва алик олиш гўзал амаллардан ҳисобланади. Чунки икки учрашган дўст ўзаро саломлашиб, бир-бирига ёмонликлардан омон бўлишни, Аллоҳ таолонинг раҳмати ва баракаси бўлишини тилайди. Бу мўмин-мусулмонлар ўртасида дўстлик алоқаларини мус­таҳкамлаб, ўзаро меҳр-оқибатни зиёда қилади. 
 
Насиҳат динимизда муҳим ишлардандир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дин насиҳатдир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Инсон насиҳат билан чиройли хулқу одобга эришади ва ҳаётини ислоҳ қилади. Мўмин мўминга ойнадир. Ойнага қараган одам ўзининг камчилик­ларини кўрганидек, мўмин ҳам биродарида ноқисликларни кўради. Шунда унга айтиб насиҳат қилиши лозим бўлади. Баъзида одамга оғир бўлса ҳам насиҳат қилинади. 
 
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «(Солиҳ) улардан безиб деди: “Эй қавмим! Мен сизларга Раббимнинг топшириғини етказдим, сизларга насиҳат қилдим, лекин (сизлар) насиҳатгўйларни ёқтирмайсиз”» (Аъроф, 79).
 
Акса уриш Аллоҳ таолонинг неъматидир. Одам акса уриш билан роҳатланади. Шунинг учун у неъмат эвазига Аллоҳга ҳамд айтилади. Акса урган одам “Алҳамдулиллаҳ”, дейди. Уни эшитган биродари: “Ярҳамукаллоҳ”, дей­ди. Акса урувчи унга “Яҳдикумуллоҳу ва юслиҳ балакум”, деб жавоб беради. Акса уриб ҳамд айтмаган кимса икки неъматдан: Аллоҳга ҳамд айтиш ва биродарининг дуоси­дан бебаҳра қолади.
 
Мусулмоннинг биродари олдидаги ҳақларидан бири бемор бўлса бориб кўришдир. Беморни бориб кўриш динимизда ажру савоби беқиёс амалдир. Манбаларда зикр қилинишича, ким бемор биродарини бориб кўрса, унга раҳмат ёғилади. Беморни эрта тонгда бориб кўрса, қоронғу тушгунча, куннинг охирида бориб кўрса, тонг отгунча унинг ҳақига фаришталар салавот айтадилар. Беморни бориб кўрганда унга шифо сўраб дуо қилиш лозим. Тез кунларда яхши бўлиб кетишини айтиб, беморни кўнглини кўтариш, унинг ҳузурида узоқ ўтирмаслик одобдандир.
 
Жаноза намозида қатнашган киши Аллоҳ таоло, майит ва унинг яқинларининг ҳақларини адо этиш билан бирга, ажру савобларга эга бўлади. 
 
Манбалар асосида Шаҳрихон туманидаги “Жўрабой” жоме масжиди имом-хатиби Бахтиёржон ҚОДИРОВ тайёрлади.