Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Имон олтмишдан ортиқ бўлакдан иборат. Ҳаё имоннинг бир бўлагидир” (Имом Бухорий).
Ҳадиси шарифдаги “ортиқ” деб таржима қилинган “бизъун” сўзи ҳақида турли маълумотлар бор. Имом Зажжож (раҳматуллоҳи алайҳ): “Бу сўз учдан тўққизгача бўлган ноаниқ сонларга ишлатилади”, дейди. Имом Фарро (раҳимаҳуллоҳ) эса: “Бу калима ўнликларга хос бўлиб, ўндан тўқсонгача ишлатилади”, деган. Ҳадисда “бўлак” деб таржима қилинган “шўъба” сўзи луғатда дарахтнинг шохи деган маънони ифодалайди. “Ҳаё” сўзи луғатда ўзгариш деган маънони англатади. Шаръий истилоҳда инсонни ёмонликдан тийилишга ундовчи ва ҳақли ўринда камчиликка йўл қўйишдан тўсувчи хулқ ҳаё дейилади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) комил имонни сершох дарахтга, тил билан тасдиқ қилишни эса дарахтнинг танасига ўхшатмоқдалар. Шохсиз дарахтнинг одамларга манфаати бўлмайди. Имоннинг ҳам мукаммал қилувчи хислатлари бўлмаса, унинг бандага фойдаси тўлиқ бўлмайди. Банда Аллоҳ таолoнинг буйруқларини бажариб, қайтариқларидан тийилсагина, дўзахнинг аламли азобидан нажот топиши мумкин. 
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларини инсон зийнати бўлган бир сифатга қизиқтирмоқдалар. У фазилатларнинг асоси ҳаёдир. Ҳаёнинг энг буюги Аллоҳ таолодан ҳаё қилишдир. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳобларига: “Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилинглар!” дедилар. Улар: “Аллоҳга ҳамд бўлсин, биз шундай ҳаё қиламиз”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу сизлар ўйлагандек эмас. Бош ва унинг атрофидаги, қорин ва унинг атрофидаги аъзоларни ҳаромдан сақлаб, ўлим ва қабрни эслаш билан Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилинади”, дедилар.
Ҳаё ҳам, бошқа амаллар каби, қайта-қайта бажариб, одат қилинади. Унинг яна бошқа тури инсоннинг табиатида мавжуд (туғма) ҳаёдир. Ҳадисда ҳаёнинг одат қилиб олинадиган тури назарда тутилган. Бандани ҳақдан тўсадиган ҳис-туйғу ҳаё бўлмайди. Балки уни ожизлик дейилади. Ҳақиқий ҳаё соҳиби дунё шармандаликлари ва охират азоби даҳшатларидан қўрқиб, гуноҳ ва масиятлардан тийилади. Беҳаё киши эса бахтдан мосуво бўлади. Фузайл ибн Иёз (раҳимаҳуллоҳ): “Ҳаёсизлик кишининг дунё ва охиратда бахтсиз бўлишига сабабдир”, деганлар.
Ҳаё имондандир. Ҳаё мўминлик белгисидир. Бу ҳақда Имом Абу Сулаймон Дороний (раҳимаҳуллоҳ): “Банда Раббидан ҳаё қилса, имони мукаммал бўлади”, дейди.
Ҳаё зийнатларнинг энг гўзалидир. Ҳаё Парварди­горнинг сифатларидандир. Ҳаёли инсон гўзал сифатга эга бўлиб, дунёда бандаларнинг, охиратда эса Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло айбларни беркитувчи ва ҳаёлидир. Айбни беркитувчи ва ҳаёли бандаларни севади”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
 
Ҳаё Ислом динига хос хулқдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир диннинг ўзига хос хулқи бор. Ислом динининг хулқи ҳаёдир”, деганлар (Имом Молик ривояти).
 
Ҳаё – иффат пардаси. Ҳаё билан эл-юрт, миллат сақланиб, жамият покланади. Ҳаё низоларнинг олдини олади. Уят, шарм, андиша каби хислатлар эркагу аёлга бирдек зарурдир. Ҳаё бор жойда зино бўлмайди. Зино йўқ жойда барака бўлади. Ҳаё солиҳ амалларга пойдевор бўлиб, банданинг ёмонликлардан сақланишида, энг муҳим омилдир. Ҳаёнинг ҳаммаси яхшидир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳаёнинг барчаси яхши. У фақат яхшилик келтиради”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
Инсон ҳаё билан тақвога эришади. Тақволи банда дунё ва охират саодатига эришади. Ҳаёсизлик одамни тубанлик сари етаклайди ва қалбини қорайтиради. Бу ҳақда Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Кимнинг ҳаёси камайса, тақвоси озаяди. Тақвоси камайган инсоннинг қалби ўлади”, деган.
 
Манбалар асосида Шаҳрихон туманидаги 
“Жўрабой” масжиди имом-хатиби 
Бахтиёржон ҚОДИРОВ 
тайёрлади.