Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):“Ҳар он ва маконда Аллоҳдан қўрқ! Гуноҳнинг ортидан уни ўчирадиган яхшилик қил! Инсонларга гўзал хулқ билан муомаладабўл!”, дедилар»(Имом Термизий).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)ни Яманга юбораётиб, унга ана шундай насиҳат қилганлар. Муоз: «Ё Расулуллоҳ, “Ла илаҳа иллаллоҳ” яхшиликми?» деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У яхшиликларнинг энг буюгидир”, дедилар»(Ибн Абдулбир.“Tамҳид”). Абу Зарр (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ, мени жаннатга яқин қилиб, дўзахдан сақланишимга сабаб бўладиган амални ўргатинг”, деди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Гуноҳ қилиб қўйсанг, ортидан яхшилик қил. Чунки битта яхшиликнинг ўнта ўхшашибор”, дедилар. У: «Ё Расулуллоҳ, “Ла илаҳа иллаллоҳ” яхшиликми?» деб сўради. Набий (алайҳиссалом): “У яхшиликларнинг яхшисидир”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таоло бандаларни яратиб, уларга ҳисобсиз неъматлар ато қилди. Башариятга яхшилик ва саодат йўлларини кўрсатиш учун уларнинг орасидан пайғамбарлар чиқарди. Аллоҳ таоло бандаларни Ўзига ибодат қилиш ва буйруқларига бўйсунишга буюрди. Одамларнинг бир-бирларига ёрдам беришлари, меҳр-оқибатли бўлишлари ва ўзаро яхшиликлар қилишлари уларнингсаодатга эришишнинг муҳим омилларидан эканини баён қилди.

Тақво – нажот йўли. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳдан қўрқиш банда учун саодат эшиги эканини баён қилдилар. Аллоҳ таолодан қўрққан банда барча яхшиликларга эга бўлади, ёмонликлардан ҳимояланади ва абадий нажотга эришади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Зотан, Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан (ҳамиша) биргадир»(Наҳл, 128). Бошқа оятда Аллоҳ таоло тақволи бандаларга гўзал ризқ беришни ва қийинчилик, машаққатлардан халос қилишни ваъда қилди: «Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур»(Талоқ, 2–3).

Банда тақво қилиб дунё ва охиратда Аллоҳ таолонинг чексиз неъматлари ва даражаларга эга бўлади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Албатта, тақводорлар (жаннатдаги) боғларда ва дарёлар узрадирлар. (Улар) қудратли подшоҳнинг (Аллоҳнинг) ҳузуридаги садоқат мақомида бўлурлар»(Қамар, 54–55).

Банда шубҳали нарсалардан сақланиб, мукаммал тақвога эришади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банда зарарли нарсадан қўрқиб, ундан тийилмагунча тақводор бўлолмайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти). Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Инсон ҳаромдан қўрқиб, ҳалолни тарк қилмагунча тақвога эришолмайди”.

Гуноҳларга тавба қилиш тақводорларнинг хулқидир. Гоҳида инсон унутади ёки ғафлатдa қолади. Натижада, нафси ғолиб келиб ёки шайтон васвасаси сабаб гуноҳ қилиб қўяди. Шу онда тавба қилиш ва Аллоҳ таолога истиғфор айтиш тақводорлик белгисидир. Аллоҳ таоло тақводор бандаларни бундай сифатлайди: «Улар бирор ёмон иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни эслаб, истиғфор айтадилар. Ваҳоланки, гуноҳларни фақат Аллоҳгина мағфират этар. Яна, улар била туриб, қилмишларида давом этмайдиган кишилардир»(Оли Имрон, 135). Бошқа оятда бундай марҳамат қилинади: «Тақво қилганларга шайтондан (бирор) мусибат етса, (дарҳол Аллоҳни) эслайдилар. Бас, ўшанда улар (ҳақни) кўрувчидирлар»(Аъроф, 201).

Гўзал хулқ мўминнинг зийнати. Инсон чиройли хулқ билан олий даражаларга етади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) барча билан гўзал муомалада бўлишга буюриб: “Доимогўзал хулқли бўлишликка ҳаракат қилинглар”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хулқлари билан хулқланган мўмин одобли бўлади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир»(Аҳзоб, 21). Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни бундай сифатлаган: «Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз»(Қалам, 4).

Қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш, хато қилганни кечириш, инсонларга меҳр-муҳаббатли ва оқибатли бўлиш, уларга очиқ юзли, ҳалим, тавозели бўлиш гўзал ахлоқдандир.

Манбалар асосида Юнусобод туманидаги

"Юнусобод" жоме масжиди имом-хатиби

Абдулғани ТОШПЎЛАТОВтайёрлади.