Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Бир киши Набийга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менга насиҳат қилинг”, деди. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Ғазабланма!” дедилар. У (илтимосини) бир неча бор такрорлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) (ҳар сафар): “Ғазабланма!” деб жавоб бердилар” (Имом Бухорий ривояти).

Абу Дардо (розийаллоҳу анҳу) Расулул­лоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёдлаш ва англаш осон, аниқ ва лўнда бир насиҳат сўради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг сўровига қисқача: “Ғазабланма!”дея жавоб бердилар.Агар киши бу насиҳатни тўла идрок этиб, амал қилса, шунинг ўзи етарли эканини таъкидлаш учун Пайғамбар (алайҳиссалом) уни так­рор-такрор айтдилар. Зеро, бу хислат ҳар бир яхшиликка калит ва барча ёмонликларга тўсиқ бўла олади.

Ғазабга минган пайтда одам ножўя ишларга қўл уриб қўйиши мумкин. Шу боис ғазаб аланга олишига йўл қўйиб бўлмайди. Ғазабни ютиш комил имонли кишилар сифати эканини унутмаслик ва уларга гўзал мукофотлар борлигини ёдда тутиш лозим.

“Раббингиздан (бўлувчи) мағфиратга ва кенглиги осмонлару Ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари (солиҳ амаллар қилиш билан) шошилингиз! Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчилик­  ларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар” (Оли Имрон, 133–134).

Ғазабга берилиш, бирпасда ловуллаб кетиш кишининг заифлигини билдиради. Бундай кишилар жисмонан соғлом ва бақувват бўлсалар-да, руҳан заифдирлар. Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Кучли деб ҳаммани енгадиган кишига айтилмайди. Ғазабланган пайтда ўзини қўлга ололган одам кучлидир!” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Инсон ғазаб устида қилиб қўйган ишларига ҳам жавоб беради. Мисол учун киши дарғазаб ҳолатида бировнинг қийматли нарсасига зиён етказиб қўйса, тўлайди. Ғазабланган пайтида бир жонни қасддан ўлдирса, қасосга ҳукм қилинади, оғзидан куфр сўзлар чиқиб кетса, муртад бўлади. Ичган қасами ҳам, айтган талоғи ҳам ўтади. Яъни, ғазаблангани эътиборга олинмайди. Бундай пайтда у дарҳол тавба-тазарру қилмоғи шарт.

Ғазабга сабаб бўлувчи омиллар жуда кўп ва хилма-хил. Улардан кибр, ўзгаларни масхара қилиш, ҳазил-мазах, талашиб-тортишиш, бировларнинг ишига аралашиш, мол-мулк ва мансабу обрў ортидан қувиш кабиларни санаб ўтиш мумкин. Мусулмон киши бундай бемаза одатлардан узоқ бўлгани яхши.

Ғазабни босишда сабр, мулойимлик ва оғир-босиқлик каби яхши хулқлар қўл келади.

Зайд ибн Саъна мусулмон бўлишидан олдин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, қўполлик билан қарзини сўрайди. Ҳолбуки, қарз муддати ҳали битмаган эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зайдга табассум қилиб, бағрикенглик билан муомала қиладилар. Умар (розийаллоҳу анҳу) уни жеркиб ташлайди. Шунда Пайғамбар (алайҳиссалом) Умарга (розийаллоҳу анҳу) ҳам, Зайдга ҳам таълим-тарбия бўлсин учун: “Эй Умар! Мен ҳам, у ҳам бошқа нарсага муҳтожроқмиз. Сен мени қарзни чиройли адо этишга, уни эса қарзини яхшилик билан сўрашга чақиргин”, дедилар (Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Табароний ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Аллоҳ учун ғазабини ютган банданинг қалби имон билан тўлдирилади” (Имом Аҳмад ривояти).

Ғазаби келган киши “Аъузу биллаҳи минашшайтонир рожим” деб Аллоҳ таолодан паноҳ сўрасин. “Агар сизни шайтоннинг ёмонлиги тутса, Аллоҳдан паноҳ сўранг! Албатта У Эшитувчи, Билувчидир” (Аъроф сураси 199-оят).

Ғазаби келган киши дарҳол ҳолатини ўзгартириши зарур. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: Қай бирингизнинг ғазаби келса, тик турган бўлса, ўтириб олсин. Шунда ҳам ғазаби босилмаса, ётиб олсин!” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти). Тик турган киши ғазабланганида кескин ҳаракат қилиб қўйиши мумкин. Ўтирган ёки ётган киши эса бирон ножўя ишдан тийилади. Яъни, унинг ҳолати бунга йўл қўймайди.

Ғазаб келганида гапирмаслик керак. Чунки гоҳида кишининг оғзидан чиқаётган гап­лар унинг ғазабини баттар алангалатиб юборади, сўнг қаттиқ афсус-надомат келтиради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси бирингиз ғазабланса, гапирмасин!” деб уч бора такрорладилар (Имом Аҳмад, Имом Термизий, Абу Довуд ривояти).

Ғазабни сўндирадиган воситалардан яна бири таҳоратдир. Ғазаб ҳароратни кўтаради. Сув эса кишини совутиб, асл ҳолига қайтаради. Аллоҳнинг севиклиси (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хутба қилаётиб, бундай дедилар: “Билинглар, ғазаб одам боласи юрагида ёниб турган чўғдир!” (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ғазаб шайтондандир. Шайтон оловдан яралган. Агар ғазабингиз келса, таҳорат қилинг!” (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ривояти).

Унутмаслик керак: яхши хислат саналган ғазаб ҳам бор. Аллоҳ таолонинг динини, амр ва қайтариқларини, мусулмоннинг соф эътиқодини, Ватанини, мусулмонларининг обрўсини ҳимоя этиб ғазабланиш яхши хислатдир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) барча ишларда биз умматларга ўрнак ва намунадирлар. У зот (алайҳиссалом) ҳеч қачон ўз нафслари учун ғазабланмаганлар, бироқ Аллоҳ таоло белгилаган ҳудуд поймол этилса ёки бирор инсоннинг ҳақига тажовуз қилинса, у зотнинг ғазабларига ҳеч нарса дош беролмасди.

Имом Нававийнинг “Арбаин” асари шарҳлари асосида Фарҳод ЖЎРАЕВ тайёрлади.