Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Расулуллоҳ : «Одам боласининг ҳамма амали бир неча баробар оширилади: битта яхшилик ўн баробаридан етти юз баробаригача оширилади. Аллоҳ таоло: “Рўза ундай эмас. Рўза Мен учундир. Ўзим унинг мукофотини бераман. Зеро, Одам боласи шаҳвати ва овқатини Мен учун тарк этади”, деб марҳамат қилган. Рўзадор учун икки қувонч бор: ифтор қилганидаги бир қувончи, Парвардигорига йўлиққанида бир қувонч. Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ таоло учун мушкнинг ҳидидан ҳам ёқимлироқдир», дедилар.

Бошқа ривоятда бундай марҳамат қилинади: «Рўза пардадир. Бирортангиз рўза тутса, ёмон гапирмасин ва бақириб-чақирмасин. Бирор киши уни сўкса ёки уришса, “Мен рўзадорман!” десин».

Шарҳ: Аллоҳ таоло ҳар бир яхши амалга камида ўн баробаридан етти юз баробаригача савоб ато этиши Қуръони карим оятларида ҳам таъкидланган: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” (Анъом, 160).

“Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга янада кўпайтириб (савоб) беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдондир” (Бақара, 261).

Ҳадисда рўзанинг савоби бошқа яхши амаллар савобидан улуғ экани баён этилмоқда. Зеро, унга бериладиган ажрнинг чеки йўқ. Уни Аллоҳ таоло Ўзи билади.

Баъзи ривоятларда рўза дўзахдан парда, тўсиқдир, деб келган. Бошқа ривоятларда “Рўза сизнинг урушдаги қалқонингиз каби, дўзахдан (тўсадиган) қалқонингиздир”, “Рўза, дўзахдан (тўсувчи) қалқон ва мустаҳкам қалъадир” мазмунида келган. Яна бирисида эса, “Рўза, ғийбат билан тешилмаса, кишига қалқон, мустаҳкам зирҳ (каби)дир”, дейилган.

Ибн Асир ҳадис шарҳида бундай дейди: “Рўза эгасини азият келтирувчи шаҳватлардан сақлайди. Рўзадор одамда нафсини ёмонликка етакловчи шаҳватлар кесилади”.

Ибн Арабий айтади: “Рўза дўзахдан пардадир. Чунки рўзадор киши шаҳватлардан ўзини тияди. Дўзах эса шаҳват билан ўралган. Хуллас, мўмин дунёда ўзини шаҳватлардан тийса, охиратда ўзи учун парда бўлади”.

“Рўзадор учун икки қувонч бор: ифтор қилганида бир қувонч...” Рўзадор мўмин атрофида барча жонга роҳат берувчи неъматлар муҳайё тургани ҳолда, Парвардигори буюргани учун куннинг ҳароратига, очлик ва чанқоқликка сабр-матонат билан чидайди. Бу билан Парвардигор розилигига эришади. Ифторга етгач, бугунги имтиҳондан муваффақиятли ўтказгани учун, баъзи йўлини йўқотганлардан эмас, балки Ўзининг хос бандалари қаторида ибодатига муваффақ айлагани учун ва ниҳоят дуо шаксиз қабул бўладиган соатларга етказгани учун Парвардигорга чексиз шукрлар қилади.

“...Парвардигорига йўлиққанида бир қувонч”. Охиратда рўзадорни алоҳида мукофот кутади. Аллоҳ таолонинг Ўзидан мукофот олади. Жаннатга “Райён” деб аталган хос эшикдан киради.

“Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ таоло учун мушкнинг ҳидидан ҳам ёқимлироқдир”.

Баъзилар буни “Аллоҳ таоло рўзадорга шундай мукофот беради, унинг баракотидан оғзининг ҳиди мушкнинг ҳидидан хушбўй бўлиб қолади”, тарзида шарҳлаганлар.

Шуни алоҳида қайд этиш керак, баъзи табиблар бу ҳидни соғлик белгиси сифатида яхшиликка йўядилар. Уларнинг фикрича, танадаги ортиқча моддалар, заифлашиб қолган ҳужайралар ва зарарли бирикмаларни тана “ёқиб юборади”. Бурунга ёқмайдиган бу ҳид, рак сингари турли касалликларга сабаб бўладиган зарарли моддаларнинг таъбир жоиз бўлса, “ёқилишидан” ҳосил бўлган “тутун” ҳидидир. Уларнинг рўза боис танадан йўқотилиши соғлик учун ўта фойдалидир.

Баъзилар: “Рўза Мен учундир...” муборак жумласи “Менга энг суюкли, наздимда энг мўътабар ибодат”, маъносидадир, деганлар.

Баъзилар: “Банданинг рўзадан ташқари барча ибодатлари қиёматда зиммасидаги бошқа банданинг ҳақини ўташ учун берилиши мумкин. Аммо тутган рўзасига тегилмайди, бандани ўша (рўзаси) билан жаннатга киритади”, дейишган.

Раҳмат ёмғири мавсуми – Рамазони шариф ойидамиз. Фурсат борида бу ой баракотидан ўз насибамизни олишни унутмайлик!

 

Манбалар асосида Содиқ НОСИР тайёрлади.