Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: "Ким ёлғончилигини ва ёлғон сўзга амал қилишни ташламаса, унинг таом ва ичимликдан ўзини тийишига Аллоҳ таоло муҳтож эмас" (Имом Бухорий ривояти).

Шарҳ: Ушбу ҳадис рўза ҳикматларидан бири ахлоқий иллатлардан халос бўлиш эканини билдиради. Рўза ёлғон, ғазаб, ғийбат, чақимчилик, гина сақлаш каби ёмонликлардан қутулиш учун муносиб фурсатдир.

Инсон табиий муҳтож бўлган еб-ичишдан ўзини тийиш ила асло эҳтиёжи бўлмаган ёлғон сўз, ғазабланиш ва чақимчилик каби ишлар билан машғул бўлса, хато қилган бўлади. Чунки рўза нафснинг истагини синдириб, уни имон тақозосига бўйсундиришга ўргатади. Ҳадисда ёлғон сўз ва ёмонликда унга тенг бўлган ғийбат, чақимчилик, ҳасад, хиёнат ва зулм каби иллатлар тарк қилинмас экан, Аллоҳ таоло ундай кимсанинг оч, ташна бўлишига муҳтож эмаслиги таъкидланган.

Рамазон ойида савобли ишлар қилган ва гуноҳ ишлардан тийилган кишига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлади. Ибни Ҳажар Асқалоний айтади: "Киши ёлғон гапириш, ғазаб қилиш ва сўкиниш каби ёмон иллатларни тарк қилмас экан, унинг рўзасида савоб йўқ. Ёлғон сўз ва у каби иллатлардан сақланган кишигина мукофотга эришади".

Ибн Муънир: "...таом ва ичимликдан тийилишига Аллоҳ таоло муҳтож эмас" дегани ўшандай банданинг амаллари қабул бўлмаслигига ишорадир...", дейди.

Рўза гўё бадандир.Унинг либоси солиҳ амаллардир. Шу боис рўзадор одам бутун вужудини рўзага қаратиши бошқалардан тазйиқ етганида ҳам "мен рўзадорман", дея ғазабини жиловлай олиши керак.

Рўза банда ва Аллоҳнинг ўртасидаги сир бўлиб, унинг мукофотини Ўзи беришини ваъда қилди. Емаслик, ичмаслик, ҳар нарсага сабр қилиш ва шаҳватни тарк этиш билан нафсни синдириш рўзадаги тақво бўлади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) : ...Рўза қалқондир (Аби Заннад: жаҳаннамдан қалқондир деган). Энди сизлардан ким Рамазонда рўза тутса, фаҳш сўзларни сўзламасин, баланд овозда бақирмасин. Агар уни бирор киши сўкса ёки у билан уришмоқчи бўлса, икки марта мен рўзадорман, мен рўзадорман, деб айтсин", дедилар (Имом Бухорий).

Ибн Ҳузайма (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Агар сен рўзадор бўлсанг бирор кишини сўкма, агар сени бирор киши сўкса, мен рўзадорман, деб айт. Агар турган бўлсанг, ўтириб ол, ғазабинг кетади. (Бошқа ривоятда ўтирганингда ҳам кетмаса, таҳорат қил ва икки ракат намоз ўқи)", деганлар (Имом Бухорий).

Парвардигор жамолини кўриш ва Раййон эшигидан кириб, абадий жаннатга мушарраф бўлиш ҳар бир банданинг орзусидир. Бунинг учун буюрилган нарсаларни бажариб, қайтарилган нарсаларни тарк қилмоғимиз керак. Аллоҳ тао­ло барчаларимизнинг тутаётган рўзаларимизни нуқсонсиз қабул айласин.

 

"Фатҳул Борий"нинг шарҳи "Саҳиҳил Бухорий" асосида Ўролбек МУСТАНОВ тайёрлади.