Саид ибн Зайддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Рибонинг энг ёмони мусулмонни ноҳақ бадном қилишдир” (Абу Довуд).

Ғийбат кишининг йўқлигида унинг ёмон сифатларини сўзлашдир. Агар ўша сифат унда бўлмаса, ғийбат эмас, туҳмат бўлади. Туҳмат ғийбатдан ҳам оғирроқ гуноҳдир. Динимиз кишининг нафақат моли ва жони, балки ор-номуси ва шаъни ҳам дахлсизлигини баён этиб, уни топташдан қайтаради. Ғийбат кишилик жамиятини емирадиган ижтимоий касалликдир. Зарари катталиги ва асорати оғирлиги учун ҳам Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда ғийбатдан қатъий қайтарилган.

Ҳадис матнидаги “рибонинг энг ёмони” деб таржима қилинган “арбар-рибо” ибораси “энг кўп азобга сабаб бўладиган”, “қаттиқ ҳаром” каби маъноларни ҳам билдиради. Бу ўринда кўзда тутилган нарса ғийбатдир. Чунки бировнинг обрўсини ғийбат билан туширилади. Ғийбатнинг бунчалик ёмон бўлиши шарафнинг молдан қимматлироқ экани сабаблидир. Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) “Ҳар бир мусулмоннинг қони, моли, обрўси бошқа мусулмонга ҳаромдир”, деган мазмунда ҳадислари ҳам бор.

Динимизда рибо (судхўрлик) қаттиқ қораланган, у қатъий қайтарилган улкан гуноҳлардандир. Бу ўринда эса ғийбатнинг ундан ҳам каттароқ гуноҳ экани баён этилмоқда. Тибий айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу билан обрўни муболаға маъносида мол жинсига қўшганлар ва рибони икки турга бўлганлар: биринчи тури ҳаммага маълум судхўрлик, яъни берган қарзини фоизи билан қайтариб олиш. Иккинчи тури эса бошқаларнинг обрўсига тил теккизишдир. Ҳадисда иккинчи рибо биринчисидан ёмонроқ экани билдирилган”. Ғийбатнинг бунчалик ёмонланиши, унинг ижтимоий касалликларга сабаб бўлиши, уларни тузатиш жуда мушкуллигидандир.

Ғийбатнинг зарари катта бўлганидек, гуноҳи ҳам улкандир. Бу борада “Олов ўтинни еб битирганидек, ғийбат бутун солиҳ амалларни еб битиради” мазмунда ҳадис ворид бўлган. Ҳа, олов тўп-тўп ўтинни бир зумда ёндириб кулга айлантиради. Бутун ҳаётимиз давомида минг бир машаққат билан ўқилган намозлар, тутилган рўзалару берилган садақалар савоби бепарволик билан айтган бир икки оғиз ғийбатимиз боис кўкка соврилиши хавфи бор. Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) қатъий огоҳлантиришлари шундандир.

Бировнинг шаънига мос келмайдиган ҳар қандай гап, унинг обрўсига тил теккизиш, шаънига доғ тушириш ёмонлик қилиш доирасига киради.

Ҳадисдаги “ноҳақ” сўзига асосланиб олимлар баъзи ҳолатларда ғийбат қилиш жоиз, деган ҳукм чиқарганлар. Зулмга учраган, ҳуқуқи топталган киши шикоят қилишга ҳақи бор ва бу гуноҳ эмас. Бундан ташқари, «(Эй имон келтирганлар,) агар интиқом олмоқчи бўлсангизлар, у ҳолда фақат сизларга етказилган зиён баробарида интиқом олингиз! Агар (интиқом олмай) сабр қилсангизлар, албатта, бу сабр қилувчи кишилар учун яхшироқдир» (Наҳл, 126). Аммо ғийбат масаласида етказилган зиён миқдорини аниқлаш ва шу миқдор ғийбат қилиш билан жавоб қайтариш жуда қийин. Кўп ҳолларда ундан ҳам ошириб, зулмга ўтиб кетиш эҳтимоли бўлади. Бундай нозик ҳуқуқдан фойдалангандан кўра, оятда айтилган яхшироқ жиҳат – сабрни танлаш фойдадир. Бу борада энг тўғри йўл ғийбат оловини сукут ва кечирим суви билан сўндиришдир.

Манбалар асосида Нўъмон Абдулмажид тайёрлади.