Ибн Умар айтадилар: «Расулуллоҳ бундай марҳамат қилдилар: “Сиздан олдин яшаганлардан уч киши йўлга чиқишди.

(Кун ботгач) тунаш учун бир ғорга кирганларида, тоғдан бир харсангтош думалаб тушиб, ғорнинг оғзини ёпиб қўйди. Улар ўзаро: “Сизларни бу харсангтошдан фақат эзгу амалларингизни шафоатчи этиб Аллоҳ таолога қиладиган дуоларинг қутқара олади”, дейишди. Улардан бири бундай деди: “Менинг кекса, қари ота-онам бор эди. Мен уларга жуда ғамхўрлик қилар, кеч тушганида доимо олдин уларни овқатлантириб, сўнг болаларим ва ҳайвонларимни едириб-ичирардим. Бир куни ўтин ахтариб узоқларга кетиб қолдим. Уйга қайтганимда икковлари ҳам ухлаб қолишган экан. Улар учун сут соғдим. Ҳамон ухлаётган эдилар. Улардан илгари болаларим ва ҳайвонларимни озиқлантиришни маъқул кўрмадим. Уларни уйғотишга кўзим қиймади. Болаларим кеч қолганим учун (очликдан) оёғим остида бўзлашарди. Мен эса қўлимда сут қуйилган идиш билан ота-онамнинг уйғонишларини кутардим. Шундай ҳолатда тонг отди. Парвардигоро, бу ишни Сенинг розилигинг учун қилганимни биламан, йўлимизни тўсган бу тошдан бизни қутқар!”

Тош озгина сурилди. Бироқ улар чиқиб кетадиган даражада эмасди. Иккинчилари деди: “Менинг амакимнинг қизи бор эди. Уни ҳаммадан кўп севардим. Унинг васлидан баҳраманд бўлишни хоҳладим. Аммо у бунга кўнмади. Кунларнинг бирида у йўқсилликка учради, мендан ёрдам сўрашга мажбур бўлди. Истагимга кўниши шарти билан унга бир юз йигирма динор бердим. У қабул қилди. Орзуимга эришадиган пайтим: “Аллоҳ таолонинг муҳрини ноҳақ бузишинг ҳалол эмас!” деди. Мен унга тегинишдан тийилдим ва одамлар орасида энг суйганим бўлишига қарамай, уни ўз ҳолига қўйдим. Олтинларни унда қолдирдим. Ё Аллоҳ, буни Сенинг ризойи шарифинг учун қилган эдим, бизни бу қийинчиликдан қутқар.

Тош яна бир оз силжиди. Лекин улар чиқиб кетадиган даражада очилмади. Учинчилари сўз бошлади: “Мен ишчилар ишлатардим. Ҳақларини ҳам дарҳол берардим. Аммо улардан бири ҳақини олмай, кетиб қолди. Мен унинг пулини ишга солиб кўпайтирдим. Орадан вақт ўтиб, у келди ва: “Эй Аллоҳнинг бандаси, менинг ҳақимни бер”, деди. Мен: “Мана шу кўриб турганинг мол, эчки, туя ва қулларнинг бари сеники. Уларни олиб кетавер”, дедим. У: “Эй Аллоҳнинг бандаси, менинг устимдан кулма!” деди. Мен: “Устингдан кулаётганим йўқ, ростдан ҳам улар сеники, олиб кетавер!” дедим. У ҳамма нарсани олиб кетди. Парвардигоро, буларни Сенинг розилигинг учун қилган эдим, бизга бу ҳолатдан қутулишни насиб эт!”

Харсангтош (яна бир оз) сурилди ва улар ғордан чиқиб, йўлларида давом этдилар”» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Шарҳ:

I. Баъзи ривоятларда келишича, бу уч йўловчи пиёда кетаётганларида ёмғир ёғиб қолган ва шу сабабли ғорга беркинишган. Биз шарҳ қилаётган ривоятда эса, кечаси тунаш учун ғорга кирганлари баён этилган. Бу икки ривоятни умумлаштирсак, улар кечаси ёмғирга йўлиққан бўлишлари мумкин.

II. Ҳадисда Аллоҳ таоло ҳузурида мақбул учта яхши ахлоқ баён этилган:

1. Ота-онага ҳурмат, уларнинг ҳақларига риоя қилиш.

2. Аллоҳ розилиги учун инсонларнинг иффатини сақлаш.

3. Бировнинг ҳақига риоя қилиш. Бошқаларнинг молини ўз моли каби асраш. Бу амалларни мақбул қилган омил уларни ихлос билан Ҳақ ризоси учун бажарилганидир. Зеро, ҳадисда амалларда ихлоснинг муҳимлиги алоҳида таъкидланган.

Биз шарҳлаётган ҳадис ривоятида ишчининг ҳақи миқдори аниқ айтилмаган. Аммо бошқа ривоятларда бу бир фарақ гуруч экани айтилган. Яна бошқа ривоятларда бу хусусни очиб берувчи қўшимчалар келган ва йиллар ўтиб, ҳақини олгани келган ишчига ўн минг дирҳам бергани баён этилган.

4. Ҳадисда, шунингдек, гуноҳларни бир нуқтада тарк этиш, шу пайтгача давом этган ўтмишнинг кечирилишига сабаб бўлиши ҳам ифода этилган. Амакисининг қизидан сўнгги дамда қўлини тортиши унинг ўша пайтгача қилган гуноҳлари кечирилишига олиб келди ва ана шу тийилиш дуосини қабулига сабаб бўлди.

5. Тавба қабул бўлса, барча қилмишларнинг кечирилишига сабаб бўлишини ҳам ҳадисдан билиб олиш мумкин.

6. Солиҳ кишилардан баъзан каромат содир бўлиши ҳақдир.

7. Омонатни адо этиш улкан фазилатдир.

8. Ўтган умматлар орасида содир бўлган воқеа-ҳодисаларни ибрат учун айтиш мумкин.

 

Манбалар асосида Содиқ НОСИР тайёрлади.