Журналлар бўлими

Халқимиз ўртасида меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат каби олижаноб фазилатларни кенг тарғиб этиш, ёшларни Ватанган муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида камол топтириш, фарзандларимиз онгига муқаддас ислом динининг соф ақидаларини чуқур сингдириш, улуғ аждодларимизнинг бебаҳо маънавий меросида тараннум этилган ҳалоллик, инсонийлик, эзгулик каби юксак ахлоқий ғоялар асосида оилаларни мустаҳкамлаш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда “Мавороуннаҳр” нашриёти журналлар бўлими мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг фаолият юритмоқда.

“Ҳидоят” журнали

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати ташкил этилганига кўп вақт ўтмай “Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари” журнали эски ўзбек ёзувида чоп этила бошлади. Кейинчалик унинг чиқиши тўхтаб қолган. 1968 йилга келиб муфтий Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг ташаббуси билан “Совет Шарқи мусулмонлари” безакли журнал сифатида нашр этила бошланди. У дастлаб ҳар чоракда ўзбек (араб ва кирилл ёзувларида), араб ва инглиз тилларида 3-5 минг нусхада чиққан. Кейинчалик форс, француз, рус тилларида нашр этилиб, собиқ совет иттифоқи ва чет элларда тарқатилган.

Журнал 1991–1995 йиллари “Мовароуннаҳр мусулмонлари”, 1995–1999 йилларда эса “Ўзбекистон мусулмонлари” номи билан чоп этилган. 1999 йил август ойидан “Ҳидоят” номи билан янгича шакл ва мазмунда чиқа бошлади.

Турли йилларда журналга Абдуғани Абдуллаев, Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуф, Шодиёр Мутаҳҳархон ўғли, Шарофиддин Мирмаҳмудов, Абдулмажид Мусабек, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон бош муҳаррирлик қилишган.

“Мўминалар” журнали

«Мовароуннаҳр» нашриёти раҳбарияти томонидан 2018 йил 5 февралда тасдиқлаган низоми асосида ташкил этилган.

Журналларимизда ёритилажак мавзу ва маслаҳатлар, туркум таҳлилий мақолалар юртдошларимиз руҳиятини кўтариб, оилаларни мустаҳкамлашга, пировардида хонадонларда соғлом ва баркамол авлоднинг камол топишига хизмат қилади. Шу билан бирга, кишиларнинг келажакка ишончини, сабрини мустаҳкамлаб, уларни маърифатга чорлайди.

Журнал бўлими ходимлари муштарийларга диний-маърифий билим бериш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан фарзанд тарбиясидаги билим ва тажрибаларини ошириш режалаштирган.