• Рукни: Ибрат

Умр ҳар кимга ўлчаб берилган. Кимгадир узун, кимгадир қисқа. Муҳими, инсоннинг қанча эмас, қандай яшашида.

Динимизда яхшилик қилиш билан инсоннинг умри узаяди, дейилади. Яхшилик билан одамнинг умри ой, кун, йил ҳисобида узаймаса-да, қилган савоб ишлари туфайли ҳамиша яхшиликлар ила ёд этилади. Бу мисолни Обиддин Элтоев ҳаёт йўлида ҳам кўришимиз мумкин.

Обиддин Элтоев 1956 йили Самарқанд вилоятининг Челак туманида туғилди. Ўрта мактабни битириб, турли вазифаларда меҳнат қилди. Сўнг Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида таҳсил олгач, "Имом Бухорий" масжидида ва "Мир Араб" мадрасасида хизмат қилди. Қаерда ишламасин, ўз вазифасига масъулият билан ёндашди. Кейинроқ Обиддин Элтоев Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг девонхонасига ишга тайинланди. У ерда сидқидилдан хизмат қилди. Ўз устида тинмай ишлади, чет тилларни ўрганди, илм олишдан тўхтамади.

2003 йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси мудири этиб тайинланди ва умрининг сўнгги кунигача шу вазифада ишлади.

У киши жуда самимий инсон эди. Қайси ҳолатда бўлишидан қатъи назар, ҳатто бошига бирор ташвиш тушиб турганида ҳам, бошқалар билан очиқ чеҳра, ёруғ юз билан муомала қилар, жамоат ишларида фаол эди.

Обиддин Элтоев 56 ёшида оламдан ўтди. У умрининг охиригача элу юрт, дин хизматида бўлди. Ҳамкасбимизнинг умр йўли биз учун ибратлидир. Аллоҳ таоло у кишининг охиратини обод қилсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси