• Рукни: Ибрат

Эшикни очиб кирган амакисини яқиндагина бир ёшга тўлган Саййид Муҳаммад ҳаммадан олдин қаршилаб чопқиллаб келди, қўлчаларини кўксига қўйиб астойдил эгилди.

– Э-э, балли, ширинтой! Ассалому алайкум, – деди амаки завқланиб, болага қўлларини чўзди. – Опоғмисиз?

Жиян ўз тилида нималарнидир чуғурлади, шу дам амакисининг қўлидаги шилинган жойга кўзи тушиб, қошчалари чимирилди:

– Вава...

– Ҳа, вава бўлди, – кулди амаки.

– Опоқ, опоқ, – деди ширинтой шилинган жойни силаб.

Амакиси меҳр билан боланинг юзидан ўпди.

Ичкаридан буви билан келин чиқишди. Салом-алигу кўришишлар пайтида ҳам Саййид Муҳаммад амакисининг атрофида гирдикапалак эди. Амаки туфлисининг ипини ечиш учун эгилганди, жиянча унинг елкасига қўлини қўйди.

– Муштдек бола кўчага чиқиш нималигини билвопти, – деди буви. – Сенга мулозамат қиляпти.

– Шунақами?

Амакининг бу саволига жавобан жиянчанинг кўзларида бир муҳим ишни тушунтираётгандек ҳолат пайдо бўлди, бармоқчаси билан кўчага ишора қилди:

– Қу-қу!.. Бабу... миёв!..

Амаки пойабзалининг ярим ечилган ипини қайта боғлай бошлади.

– Нима қиляпсан, болам? Ишдан чарчаб келгандирсан? Олдин ичкарига кириб чой ичиб олгин. Шу муштдек болани деб...

– Хўп, ойижон. Сизлар чой тайёрлаб туринглар, озгина айланиб, қу-қуларни кўриб келамиз.

Амаки шундай дея ташқарига йўналди, жияни унинг бўйнидан маҳкам қучоқлаб олган, кўзлари қувончу миннатдорликдан чақнарди. Ҳақиқатан, бу тарзда қилинган илтимос, истакни ким қайтара олади?!

 

МУҲТАРАМА