Бир киши болтасини йўқотиб қўйди. Ҳовлисини роса ахтарса-да, болта ҳеч жойдан топилмади. Шунда уй эгасининг кўзи пастаккина деворнинг орқа томонида турган қўшни йигитчага тушди. Ўзиям қараши бежо, юриш-туриши шубҳали, дам-бадам атрофга ўғринча аланглаб қўяётгандай... Киши шундай хаёллар билан деворга яқинлашар экан, ўтлар орасида ётган болтага қоқилиб тушди. Гавдасини ўнглаб жонҳолатда қўшни йигитга назар ташлади. Қаршисида софдил, ҳалол-пок ўспирин турарди. Қарашлариям беғубор...

Бизни ўраб турган атроф-олам мисоли бир кўзгу. Унда гумонларимиз, қалб кечинмаларимиз, нияту мақсадларимизнинг аксини кўрамиз.

Манзилга етолмаймиз...

Ота-бола қайиққа ўтириб, сафарга чиқишди.

– Бир нарсани ҳеч тушунмайман, – гап бошлади ўғил. – Менимча, инсон бу дунёга бахтли бўлиш учун келади. Ҳар ҳолда, ҳаммамиз ҳам доим яхшиликдан умидвор яшаймиз. Шундай экан, нечун одамга ғам, ташвиш, қайғу бериларкин?

Ота индамади. Аммо бир эшкакни четга сурди-да, қайиқни фақат иккинчисида эша бошлади. Қайиқ жойида айланиб қолди.

– Нима қиляпсиз? Толиққан бўлсангиз, эшкакни менга беринг. Бунақада манзилга етиб боролмаймиз-ку! – таажубланди ўспирин.

Ота кулимсиради:

– Мана, саволингга ўзинг жавоб бердинг.

Юлдуз Ҳошимова тайёрлади.