• Рукни: Ибрат

Шу вақт ичкаридан хотинларнинг фавқулодда қий-чув товушлари эшитилиб, иккисининг ҳам қулоқлари тиккайди ва қўрқа-писа бир-бирларига қарадилар. Қий-чув йиғи орасидан заиф йиғи товуши ҳам келиб қўйди... Иккиси бирмунча кулимсираб олдилар, лекин шундоқ бўлса ҳам, чурқ этиб оғиз очмадилар. Орадан кўп фурсат ўтмади, ичкаридан Ойбодоқ югуриб чиқди ва даричадан туриб "Суюнчи!" деди. Юсуфбек ҳожи ёнчиғини кавлай туриб алҳамдулиллоҳ, деб қўйди. Ҳасанали ҳам илжайиб ён кавлашга тутинди ва:

- Ўғулми, ҳолва? – деб сўради хотинидан.

- Ўғул!

- Баракалла.

Ҳожи кулимсираб қўлидаги уч-тўрт оқ танга билан битта тиллани Ойбодоққа узатди. "Тангаларни ўзинг ол, тиллани доячага бер!" деди. Ҳасанали суюнчини топширганидан сўнг дуога қўл очди: "Аллоҳ таоло умри билан берган бўлсун!" Шундан кейин хотиржам бўлган ҳолда ҳуфтонга кетдилар.

 

Абдулла ҚОДИРИЙнинг"Ўтган кунлар" асаридан