Йўловчи автобусда кетаётгандик. Бекатдан катта ёшли аёл чиқди, унинг юзида илҳақлик, хавотир бор эди. Бир бекат юриб, иккинчиси яқинлашганда тушишга ҳозирланди. Чўнтагидан пул олиб санади, бошқа чўнтакларигаям қўл тиқиб чиқди. Автобус бекатда тўхтаганида, аёл қўлидаги пулни ҳайдовчига узатиб: "Олти юз эллик сўм экан, ука, эллик сўмга рози бўлинг. Уйдан шошилиб чиққандим..." деди.

– Ҳов! – деб ўдағайлади эллик ёшлардаги ҳайдовчи. – Пулингиз етмаса, машинага чиқманг! Нима қиламан мана бу эллик сўмлик чақангизни? Гадойга беринг!

Ҳайдовчи тангани пастга қараб отди. Аёл эшик олдида карахт бўлиб қолди. "Яхшиям кун ёруғ эмас, деб ўйладим. – Бўлмаса, унинг хижолатчилиги яна неча баробар ортган бўлармиди?..

Турли юмуш билан ҳар куни жамоат транспортига чиқамиз. Хилма-хил одамлар, ҳайдовчию чиптачилар... Баъзида: "Болам, ёнимда пулим йўқ эди" ёки "Озроқ бўлсаям, мана шуни олгин", деб илтимос қилаётган кексалар; "Амаки, пулим йўқ эди, автобусга чиқиб олсам майлими?" деб сўрайдиган ёш болаларга ким бағрикенглик билан, ким сал ижирғаниб жавоб қайтаради. Илтимос қилгувчини "Йўқ, бўлмайди!" деб автобусдан ҳайдаб туширадиганлари ҳам йўқ эмас.

Аммо тез-тез такрорланадиган яна бир ҳолат ҳам бор: баъзи ҳайдовчи ёки чиптачи майда пули йўқлигини сабаб қилиб йўловчиларга кам қайтим бераверади. Уларнинг айримлари юз сўми йўқлигини айтиб узр сўрагандек бўлади, баъзилари эса ўзларига шуниям эп кўрмайдиларми, минг сўм узатганларга уч юз ўрнига икки юз сўмдан қайтим берадилар. Энг қизиғи, бирор ҳайдовчи ёки чиптачининг: "Бош­қа йўловчининг ҳақи менда қолди. Шунинг учун, майли, сиз юз сўм кам бераверинг", деганини эшитмаймиз. Бундайлар кундалик режани бажаролмаётганларидан йўловчиларга нолиб ҳам қўядилар. Очиқ турган савоб эшикларини жаҳл билан ёпиб, бирор ҳожатманднинг кўнглини кўтаришни истамаган одамнинг режаси амалга ошармикин?..

Дадам ёдимга тушдилар. Баъзан кўчадан шошиб келардилар. Тахмондаги кўрпалар орасидан пул олиб, яна шитоб билан чиқиб кетардилар. Бир оздан кейин қайтиб келиб: "Фалончи озгина муҳтож бўлиб қолибди. Қаранг-а, менга ишониб, шу ёққа келибди, – дердилар. Кейин албатта қўшиб қўярдилар. – Бировнинг бировдан ниманидир илтимос қилиши жуда оғир иш. Агар унга йўқ десанг, хижолатчилиги неча баробар ортади. Шунинг учун қўлингдан келса, имкониятинг бўлса, ҳеч қачон кишининг илтимосини қайтарма".

Хаёлимдан эллик сўм(!) кам бергани учун ҳайдовчи "Ҳов!" деб тўхтатиб жеркиган аёл кетмайди. Дил оғриғи босилдимикин? Аллоҳ меҳрибон. Лекин ундан ҳам кўпроқ ҳайдовчини ўйлайман. Аллоҳ уни олдиндан оққан сув каби савобларга кўмиб ташлаши мумкин бўлган касб эгаси қилибди. Ҳар куни йўл-йўлакай кузатамиз: шинам, замонавий автобусларда йўловчи кўп. Ким миннатдорчилик билдириб, ким индамай, аммо деярли ҳамма йўл ҳақини тўлаб тушиб кетади.

Шуларнинг орасида... Ҳаёт-да, юқоридаги каби ҳолатлар юз берса... кимгадир холис қилган яхшилиги қалбига эллик сўмчалик хурсандчилик, роҳат солмайдиганларга инсоф беришини, буни аввало, уларнинг ўзи чин дилдан исташини ва сўрашини тилайман.

 

Мукаррамхон УЛУҒОВА,

Марғилон шаҳри