Имом Қози Абдул Уло Саид ибн Муҳаммад "Китоб ал-Ақида" асарида Сулаймон Мусо Журжонийдан бундай ривоят қилган:

"Бир одам Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳузурларига келиб:

– Одамлар ўртасидаги гапларни эшитиб ҳайрон бўламан, улардан қайси бири тўғрилигини билмай қолдим. Муҳтарам имом жаноблари, менга шундай йўл кўрсатинг­ки, дўзахдан нажот топайин ва ўзингизга раво кўрадиган йўлни менга тушунтириб берингки, унга юриб, яхшилардан бўлайин", – деди.

Абу Ҳанифа дедилар:

– Одамлар, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Унинг бандаси ва расули эканига; Аллоҳ бутун борлиқнинг Хожаси эканига, Аллоҳ тенги ва ўхшаши йўқ Зот эканига иқрор бўлганларидан сўнг, улар намоз, рўза, закот, ҳаж (имкони бўлган бандага) амалларининг фарзлигига иқрор, куфр ва ширклардан холи бўлишлари ва фарз амалларни бажаришлари вожибдир. Банда Аллоҳнинг бирлигига ва Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) барҳақлигига иқрор бўлса-ю, фарз амалларини тугал бажармаса, унинг ҳоли Аллоҳга ҳаволадир. Аллоҳ уни азоблайди ё афв қилади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларидан бирорталарини ҳақорат қилишдан ўзингни сақла. Уларнинг сиру асрорларини Аллоҳга ҳавола қил. Аллоҳ: "Улар ўтиб кетган уммат(лар)дир. Уларнинг аъмоллари ўзларига ва сизларнинг аъмолларингиз ўзларингизга. Сизлар уларнинг қилган ишлари учун жавоб бермайсиз", деган (Бақара, 134).

Тақдирнинг барчасига имон келтиришинг, Аллоҳ шаънига нолойиқ сўзни айтмаслигинг, ўзингга раво кўрган нарсани одамларга раво кўришинг, ўзингга хоҳламаганингни уларга ҳам хоҳламаслигинг, Аллоҳ динида ўз раъйинг билан сўзламаслигинг, Унга зид таъвил ва эътироз қилмаслигинг лозим. Чунки Аллоҳ: "У ўзи қиладиган бирор нарса ҳақида жавобгар эмас, балки улар (бандалар) жавобгардирлар",  деган (Анбиё, 23).

Абу Исмат Нуҳ ибн Жоме Марям: "Мен Абу Ҳанифадан (раҳматуллоҳи алайҳ) аҳли сунна вал жамоа ҳақида сўрадим ва у зот қуйидагича жавоб қилдилар, деди:

– Абу Бакр ва Умарни бошқа­лардан (бошқа саҳобалардан) афзал кўрган, Усмон ва Алини севган (Аллоҳ улардан рози бўлсин), оёқ кийимига масҳ тортишни эътироф этган, ҳеч кимни гуноҳи учун кофир деб атамаган, яхшилик ва ёмонлик Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлишига имон келтирган, Аллоҳ ҳақида, Унинг зоти тўғрисида ўз раъйи билан сўзламаган банда аҳли сунна вал жамоадандир.

 

"Китоб ал-Ақида" асаридан