Бир куни муаллим ўқувчиларидан сўради:

– Одамлар жанжаллашганида нега овозини баланд кўтаради?

– Асаби бузилгани учун, – деб жавоб берди бир ўқувчи.

– Тўғри, – деди муаллим. – Аммо ёнма-ён турганда бақиришга на ҳожат? Бу ҳолатда секин гаплашса ҳам бўлади-ку, шундай эмасми?

Бир оз сукутдан кейин ўқувчилар берган ҳар хил жавобларнинг бирортаси муаллимни қониқтирмади. Охири ўзи бундай деди:

– Одамлар бир-биридан норози бў­либ уришаётган пайтларида қалблари узоқлашади. Ўртада бўш қолган масофани тўлдириш ва гапини бир-бирига эшиттириш учун бақириб гапиришади. Жаҳл отига миниб олиб, пастга тушгилари келмайди. Аммо бир-бирини ёқтириб, яхши кўриб қолганлар асло бақириб гаплашмайди. Чунки бунда қалблар орасидаги масофа жуда кичик бўлади. Бир-бирини қаттиқ севганларга пичирлаб гаплашиш ҳам етарли. Ҳатто баъзан бу ҳам керак бўлмай қолади: улар бир-бирини сўзсиз тушунади. Чунки орада ҳеч қандай бўш жой қолмайди. Ўзаро тортишаётган пайтларингда қалбларингиз узоқлашишига йўл қўйманглар. Одамлар орасидаги масофа узоқлашаверса, охири орқага йўл топиб бўлмай қолади.

Умр жудаям қисқа. Душманлик ва жанжалларга сарфлагандан кўра, ундан унумли фойдаланишимиз муҳимроқ. Айниқса, ­оила даврасида...

 

Мухлиса РАСУЛЖОН қизи тайёрлади.