Инсон ҳар қанча ўқиб ўрганмасин, ҳаёт деб аталмиш олийгоҳда таҳсил кўрмагунича илми мукаммал бўлмас экан. "Битта кўйлакни ортиқроқ йиртган", – бу мана шу дарсхонада сендан кўпроқ илм олган, дегани эмасмикан? Яқинда эшитганим бир воқеа яна шу хулосани тасдиқлагандек бўлди.

Ёз бошланаётган кунлар эди. Бу пайтда тонг ўзгача тароват, ажойиб ифор билан отади-да! Шу дамда тўйиб-тўйиб нафас олишга нима етсин?! Мириқиб атрофни томоша қиламан. Шу аснода дилимга шукроналик тушади, Ҳақ таолонинг Ҳаллоқи оламлик сифатига таҳсинлар айта-айта Қуръон тиловат қиламан. Кейин масжидга йўл оламан.

Бугун ҳам "каллаи саҳарлаб" туриб олдим. Зикру тиловатдан кейин Аллоҳдан қут-барака, файзу футуҳот, савоб ишларга васила сўраб дуо қилдим. Яқиндагина сотиб олган машинамни кўчага олиб чиққач, яна ортга қайтиб, онамнинг хонасига мўраладим:

–     Ойи, дуо беринг, кетяпман!

Онамнинг кўзлари ёшга тўлди:

–     Илоҳим, Аллоҳ сенга хайру барака берсин! Бир мўмин бандасига нимаики хайрли бўлса, сенга ҳам насиб этсин. Олганинг олтин бўлсин, топганинг ҳикмат! Тўғри йўлидан адаштирмасин, омин!

 Ҳар куни дуолар билан алқайдиган онам борлигига шукроналар айтиб, машинамни равон йўлдан елдириб борарканман, йўл четидан тез-тез юриб кетаётган отахонга кўзим тушди. Кейинги пайтда яхши одат шаклланди, отахонларни улови борлар йўл-йўлакай масжидга ола кетишади. Мен ҳам беихтиёр машинани тўхтатдим.

–     Ота, чиқинг!

Отахон машинага ўтирди, салом-аликдан сўнг, масжидгами, деб сўрадим. Ҳа, деган жавобни эшитишимга амин эдим.

–     Йўқ, ишга! – деди отахон.

Тормозни қандай босганимни билмай қолдим. Онам: "Болам, шартакилик яхши эмас, мўминнинг дилини оғритиб қўясан бунақада", деб жуда кўп айтадилар. Лекин нима қилай, ўрганган кўнгил. Тилимга келганини қайтармадим:

–     Кечирасиз, мен масжидга кетаётгандим! – сўз оҳангимдан "Қани, машинадан тушинг-чи", деган маънони англаш қийин эмасди.

Отахон, хўп-хўп деганча тушаркан, мен тўхтатганим йўқ эди-ку, деди ўзига ўзи гапиргандек. Менинг эса бадтар жаҳлим чиқди. Аламимни яна кекса одамдан олдим:

–     Ота, тўн­ғил­­ла­манг! Юз­им­­га гапиринг!

–     Хўп-хўп...

Машинани ғизиллатиб ҳайдаб кетарканман, ўзимни юз фоиз ҳақ деб ўйлардим.

Намозни ўқ­иб ташқарига чиқарканман, кўзим таниш чеҳрага тушди. Бу ҳалиги отахон эди. Негадир алдангандек ҳис қилдим ўзимни. Ёки мени синадимикан? Бориб билагидан тутдим:

–     Ҳа, ота... Ишга деганди­нгиз?!

–     Нега тилимга бу сўз келди, билмайман! – дея отахон маъноли жилмайди.

Жуда уятда қолдим. Ер ёрилса-ю, кириб кетсам. Ахир отам тенги одамни ёш боладек жеркиб, машинадан туширдим. Нима деяримни билмасдим, айбимни хаспўшлашга киришдим:

–     Ота, шу десайз... мен ибодатдан жуда кўп яхшилик топдим. Шу сабаб эътибор билан юраман. Ҳаммани ҳам машинамга чиқаравермайман...

Сўнг ҳар нима қилиб бўлса-да, отанинг кўнглини олишим керак, деган ўй келди. Билагидан тутиб машина томон тортдим.

–     Юринг, ота, ишхонангизга обориб қўяман.

–     Йўқ, ўғлим, овора бўлманг!

Пичинг қиляптими, деб кўзларига қарадим. Боягидек самимий! Бадтар уялдим. Қўлига маҳкам ёпишдим:

–     Юринг, сазам ўлмасин энди, юрақолинг!

–     Майли, йигитнинг сазаси ўлгунча, шайтоннинг бўйни узилсин, шунақа дейишади-ку машойихлар.

 Машинада бир оз жим кетгач, журъат қилиб отахоннинг кўнглига қўл солдим:

–     Мендан хафа бўлдиз-а боя?

–     Йўқ, ўғлим, нега хафа бўлай. Машина сеники, хоҳлаган одамингни чиқарасан, хоҳламаганингни йўқ.

–     Ҳарҳолда...

–     Ўғлим, сендан хафа бўлмадим. Аммо бир нарсани айтай, эшит. Аввало, ҳар бир инсоннинг бўйнида турли масъулиятлар бўлади. Мусулмон кишининг масъулияти ҳаммасидан улкан. Чунки сену менга қараб одамлар инсонийлик билан бирга, мусулмонлик фазилатларини ҳам қидиришади. Агар менинг ўрнимда бошқа биров бўлганда, шу ишингни, ҳеч қурса, бошқаларга айтиши мумкин.

Энг ёмони, баъзилар буни бир инсоннинг эмас, кўпчиликнинг хатоси деб баҳолайди: "Бу намозхонлар, мана, одамни ҳурмат қилишмайди, бир чолни машинасидан тушириб юборди"га ўхшаш деди-деди болалайди. Шунинг учун, айниқса, муомалада эҳтиёт бўлиш керак.

 Аксинча, уни масжид олдига олиб бориб, узр отахон, узоғи билан ўн дақиқада чиқаман. Сиз ўтириб туринг, кейин ишингизга ташлаб қўяман десанг, ана унда бош­қача бўлади. Ҳар қандай кўнгли тош одам ҳам сенга эргашади. Энг муҳими, бир мўминнинг оғирини енгил қилиб, савобга эришасан. Ҳам мусулмонларга нисбатан яхши фикр уйғонишига васила бўласан. Бунинг савобига нима етсин?

Ҳақ гапни гапирган отахонни манзилига элтиб қўйдим. Бир суҳбатида шунча яхшиликни ўргата олган, феълимдаги шартакиликни ҳам тизгинлай билган отахонни тез-тез зиёрат қиладиган бўлдим.

 

Нигора Мирзаева