Пайғамбар (алайҳиссалом) марҳамат қилдилар: "Барча­нгиз ҳомийсиз ва қўл ости­нгиздагиларга масъулсиз" (Муттафақун алайҳ).

У ёш бола эди. Онаси: "Овқатингни охиригача еб бўлсанг, кўчага айланишга чиқамиз", деди. Топшириқни бажариб, хурсанд ҳолда: "Ойи­жон, кетдик!" деди. Онаси эса бақириб берди: "Шу пайт­да кўчада нима бор?!"

Ўқувчи эди. Муаллима айтди: "Ким чиройли хулқ-одобда ўзини кўрсата олса, ҳафта охирида саёҳатга олиб борамиз". У шундоқ ҳам интизомли, тартибли ўқувчи эди, айтилганни бажариш қийин бўлмади. Буни ўзигина эмас, бутун мактаб яхши биларди. Ҳафта охирида болалар сўрашди: "Устоз, намунали хулқлилар саёҳати қачон бўлади?" Муаллиманинг қошлари чимирилди: "Қанақа саёҳат ҳақида гапиряпсизлар?!"

Олтинчи синфга ўтганида дадаси ўқув йилини аъло баҳолар билан якунласа, велосипед олиб беришга ваъда берди. Бу унинг орзуси эди, етишиш учун қаттиқ ҳаракат қилди ва ўқув йилини аъло баҳоларга тугатди. Буни ҳаяжон билан дадасига айтди, велосипедни қачон олиб беришини сўради. Дадасидан эса "Велосипед кўнгилсиз ҳолатларга сабабчи бўлиши мумкин. Кел, яхшиси..." деган жавобни олди...

Ҳозир у катта одам. Баъзан ёлғон гапирса ёки ваъдасини бузса, ўзини шу қадар табиий тутадики, гўё бу иш шундай бўлиши керакдек. Бир куни кимдир истеҳзо билан сўради: "Бунақа усталикни кимдан ўргангансиз?" У жавоб берди: "Катталардан!"

 

Робия МУҲАММАД РИЗО қизи тайёрлади.