Умр кундалик дафтар. Уни бир-бир варақласак, нималар қилганимиз-у, қанча ишларга улгурмаганимиз аён бўлади. Кўча-кўйда қарияларни, ёрдамга муҳтож кишиларни кўрсак, кўпимиз дарров бориб қўлларидан тутишга, юкларини олишга одатланганмиз. Бир кун келиб ўзимиз ҳам қариймиз, Аллоҳ таоло учун савоб иш қилишга ошиқамиз. Кимгадир яхшилик қилсак, кўнгилда ўзгача сурур, ўзгача ҳаловат пайдо бўлади.

Бувим кўп айтардилар: ­«Болам, ҳар ишга Аллоҳ учун деб кириш. Ҳатто кўча-ҳовли, уйларни тозалаётганингда ҳам ихлос билан Аллоҳ учун десанг, шу оддий ишларинг ҳам ибодатга айланади. Улкан савобларга эришасан. Қизалоғим, ҳеч кимга кибр кўрсатма, ўзингни доим камтар тут. Хоксор бўл. Инсонларга қўлингдан келганича яхшилик қил. Ширинсўз бўл. Эвазига улардан ҳеч нарса кутма. Болажоним, мана шу сўзларим умр йўлингда сенга ҳамроҳ бўлсин».

Кичиклигимда бувижоним­нинг бу сўзларини эшитар­дим-у, лекин маъносини ўйлаб ўтирмасдим. Катта бўлдим. Энди дунёга бошқа кўз билан қараяпман. Одамларни кузатяпман. Бувижонимнинг сўзлари ҳар дам мени яхшиликка чорлаб туради.

Гулрух МУХТОРОВА