“Фалончи ундай кийинади, фалончи бундай гапиради...” Шундай дея, кимлардандир андоза оламиз, уларга ўхшашга уринамиз. Бироқ кимга тақлид қиляпмиз, кимнинг ахлоқини ўрнак бил­япмиз – у ёғини ўйламаймиз. Сизнинг одобингиз, ахлоқингиз, суннатингиз турганида, биз кимларга эргашяпмиз, ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)? Сизнинг ҳаётингизни қўйиб, кимларнинг турмуш тарзига ҳавасмандмиз?.. Ҳолбуки...

 

Мусаввир Зот Сизга энг гўзал сурат ва буюк ахлоқ ато қилди, бутун гўзалликларни Қуръонда жамлади ва Сизни Қуръон билан хулқлантирди. Бир мусулмонга ярашиқли барча хислатларни берди Сизга...

Покизалигингиз гўзал...

Буни умматларингиз ҳам ўзлаштирсинлар учун: “Тозаликка диққатли бўлинг. Аллоҳ таоло Ислом динини тозалик устига қурди. Жаннатга фақат тоза-покиза бўлганлар киради”, дея марҳамат қилдингиз...

Саховатингиз гўзал...

Ҳеч кимни остонангиздан қуруқ қай­тармасдингиз, “Бергувчи Аллоҳдир, мен тарқатувчиман, холос”, дердингиз. Мусофирларга муборак либосларингизни тўшай­диган даражада карам соҳиби эдингиз.

Ҳунайнда қўлга киритилган олий зотли юз туяни кўриб, “Қандай чиройли”, дея хитоб қилган Сафвон ибн Умайяга уларни бериб юбордингиз. Шунда Сафвон: “Бундай тантилик фақат пайғамбарларга хосдир”, дея мусулмон бўлди.

Жасоратингиз гўзал...

Макка мушриклари даъвонгиздан қайтариш учун ўлдиришларини айтиб таҳдид қилишса-да, зарра чўчимай, сабот ила йўлингизда давом этдингиз.

Садоқатингиз гўзал...

Ҳабашистон ҳукмдори На­­жош­ий­нинг элчиларига ша­х­­­­сан хизмат қиларкансиз, саҳобалар: “Сиз қўйинг, биз хизмат қилайлик”, дедилар. “Бу инсонлар ўз ерларига ҳижрат қилган асҳобимга жой бериб, иззатлаганлар. Энди мен ҳам буларга икром кўрсатишни истайман”, дея жавоб бердингиз.

Шафқатингиз, марҳа­матингиз гўзал...

Парвардигор Сизни оламларга раҳмат қилиб юборди. Марҳаматингиз фақат инсонларга эмас, бутун­ бор­лиққа, ҳайвонлару ўсим­лик­­­ларга бирдек чексиз эди.­ Ҳат­­то жонингизга қасд қил­ган­­лар­га ҳам ёмон муомала қил­мадингиз. Изтиробда қолган яқинларингиз Сизга озор берганларни дуойибад қилишингизни сўрашганида: “Мен лаънатловчи қилиб юборилмадим”, дедингиз...

Аҳдга вафоингиз гўзал...

“Ваъда қарздир”, дея аҳдга вафо банда ҳақларидан эканини билдирдингиз. “Ваъдага вафо қилиш имондан” эканининг хабарини бердингиз. Бир куни қарзини қайтариши юзасидан Абу Хамса билан гаплашиб, учрашув вақтини, жойини белгиладингиз. Лекин Абу Хамса келишувни унутди. Уч кундан кейин ёдига тушиб, учрашув жойига келганида Сиз ҳамон ўша ерда эдингиз: “Сўз берганим учун уч кундан буён шу жойда кутдим”, деб айтдингиз...

Тўғрисўзлигингиз гўзал...

Ҳеч қачон ёлғон сўз айтмадингиз. Қирқ ёши­нгизда илоҳий амр келди ва инсонларни ҳақ динга даъват қилиш учун атрофингизга тўпладингиз. “Эй Қурайш қавми! Мен сизга шу тоғнинг орқасида душман от­лиқлари келаётганини айтсам, ишонасизми?” деб сўрадингиз. “Ишонамиз, чунки сен умрингда ёлғон гапирмаган инсонсан (ал-аминсан)”, де­йишди улар...

Адолатингиз гўзал...

Дўсту душманга бирдек адолатли эдингиз. Ҳатто Ислом душманлари мушкул масалаларини Сизга ҳал эттиришар, одиллик билан чиқарган қарорингизни якдиллик билан қабул қилишар эди...

Ахлоқингиз гўзал... Аслида Сиздаги барча нарсалар гўзал...

Аллоҳ таоло бизларга ҳам­ насиб этсин, Сизнинг ах­лоқингиз билан хулқланиш бахтини... мўминликнинг барча си­фат­ларига муносиб бўлмоқ саодатини... Сиз “Умматим!” дейдиган жамоа ичида бўлмоқ шарафини...

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи тайёрлади.