Ёшим саксон бешга борди. Ҳар янги тонгни кутиб оларканман, шу кунга етказганига, осмонимиз тинч ва мусаффолигига, дастурхонларда ризқу насибамиз тўкинлигига, болаларим, невараю эвараларим... барча халқимизнинг ҳаёти осойишта кечаётганига шукроналар қиламан. Айниқса, бебаҳо ёшликларини ўқиш, ўрганиш, ҳунарли бўлишга сарфлаётган йигит-қизларни, уларга яратилган шарт-шароитларни кўрганда, оғир йиллар қалбимда қолдирган армонлар ювилиб кетаётгандек бўлади.

Менинг айни ўсмирлик, ёшлик даврим иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган. Онам фронтдаги жангчиларга пахтали кийимлар тикиладиган фабрикада ишлар эдилар, мени ҳам ўша жойга ишга олишган. Очарчилик, қаҳатчилик, урушга кетган оталаримизу акаларимиздан жудолик бизни жуда тез улғайтирди. Сабру қаноатда, иродалиликда, меҳру оқибатли бўлишда катталар бизга доим ибрат кўрсатишди. Аллоҳнинг синовларига бардош билан итоатда бўлиш ва Унинг ёруғ кунларга етказишига ишончни аввало онамдан ўрганганман. Бундай ажойиб замон учун умрини тиккан оталаримиз, оналаримиздан кимлар бу кунларга етди, афсуски, кимлар етмади. Лекин уларнинг тиниқ орзулари тирик, эзгу ниятлар билан бошлаган амалларини авлодлар давом эттирмоқдалар.

Бу йилги 9 май – Хотира ва қадрлаш кунларида биз, кексалар, Юртбошимизнинг, давлатимиз, халқимиз, фарзандларимизнинг эътибори, ҳурмат-эъзози, ғамхўрликларини янада чуқурроқ ҳис этдик. Озод ва обод Ватанда фарзандларимиз биздан кўра бахтлироқ, билимлироқ, ақллироқ бўлиб камолга етаётганини кўриш қанчалар саодат! Тинчлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибатлилик, тараққиёт жонажон Ўзбекистонимизда барқарор бўлишини тилаб ҳамиша дуодамиз.

 

Аҳадхон АБДУЛЛАЕВ,

Тошкент, Олмазор тумани