Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ёки кечалари сажда қилган ва тик турган ҳолда ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг раҳматидан умид қиладиган киши (билан бошқалар баробарми?!) Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар». Истиқлол йиллари муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганишга эътибор тубдан ўзгарди.

Мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида ёш авлодни мутафаккир ижодидан баҳраманд этишга хизмат қилувчи махсус дарс соатлари, машғулотлар ўтилиши йўлга қўйилди. Кўплаб маҳалла, маданий-маърифий масканлар, кўча ва хиёбонларга Алишер Навоий номи берилди. Ҳар йили Алишер Навоий туғилган кун муносабати билан кенг миқёсда навоийхонлик кечалари, мутафаккир ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбирлар ўтказилади.

Мумтоз адабиётимиз бобокалони Алишер Навоийнинг сермазмун ҳаёти, юксак инсоний фазилатлари, иқтидор ва камолоти замондошларига намуна бўлганидек, бугун ҳам барчамиз учун ибрат мактабидир. Алишер Навоий жуда кўп шогирдларга раҳнамолик қилгани маълуи. Ўнлаб истеъдодли фақиҳ, шоир ва тарихчи, рассом ва хаттот у зотнинг ҳиммати ва тарбияти соясида вояга етишган. Улуғ шоир, таъбир жоиз бўлса, истеъдодларга ғамхўрликнинг ўзига хос мактабини яратган. Истеъдодни таниш ва эътироф этиш йўллари, табиий қобилият, билим ва меҳнат, таҳсил ва адабий таъсир, рағбатлантириш ва талабчанлик, ахлоқий сифатлар ва унинг истеъдодга таъсири, ғоявий етуклик ва маҳоратни ошириш масалалари доим Алишер Навоийнинг диққат марказида бўларди.

Аллома бобомизнинг бу борадаги қарашлари “Мажолисун нафоис”, “Хамсатул мутаҳаййирин”, “Маҳбубул қулуб”, “Насойимул муҳаббат” каби қатор асарларида ифодасини топган. Жумладан, “Мажолисун нафоис”нинг учинчи ва тўртинчи мажлисларида ёш олим ва фозиллар ҳақида, ижод аҳлининг тарбияси хусусида сўз боради.

Ёшларнинг шахсий хислатлари, сажияси, ахлоқ-одоби, таҳсил кўрган-кўрмаганлиги устозни кўп қизиқтирган. Камтарлик, мулойимлик, хуштавозе бўлиш, меҳнатсеварлик, бурролик, ҳозиржавобликни ижодкорнинг фазилатлари деб билган, ялқовлик, паришонлик, жунунсифат юриш, кеккайиш, ҳавойилик, шаробхўрликка берилиш сингари ёмон одатларни қаттиқ қоралаган. Бу каби салбий одатлар бир қанча ёш истеъдодларни нобуд этганини “Мажолисун нафоис”да қатор мисоллар билан кўрсатиб беради: “Мавлоно Сайфий ...ҳушёрлиғ ва басе одамиваш ва ҳаё одоблиғ йигитдур. Аммо сархушликда ўзга моҳият бўлур, балки расвонамо бўлур эди. Бу учурда тавбаға тавфиқ бўлди. Умид улким, истиқоматға ҳам мувофиқ бўлғай”.

Ҳақиқий истеъдод эгасида илм олишга иштиёқ ҳам, ҳофиза ҳам кучли бўлади. Навоий буни Румий, Саъдий, Ҳофиз, Жомий каби ёрқин сиймолар мисолида кўрсатади. Барча илмлардан хабардор бу донишманд зотларнинг эл орасида ҳаким, шайх – йўл бошловчи каби табаррук унвонлар билан улуғланишларига боис шудир. Шоир етук донишманд бўлганидагина унинг сўзи халқ эътиборини қозонади. Бироқ бу мартабага катта заҳмат ва чидам, қунт, таълим ва таҳсил орқали етилади. Шунинг учун Навоий ҳофиза-хотира, зеҳн, тахаййул аҳамиятини таъкидлаб, такрорий мутолаани, тинимсиз машқни, шеър ёдлашни тавсия этади. “Мавлоно Миракий ...кичик ёшлиқ, хомтаъброк йигитдур. Имкони бордурким, табъига кўп иш буюрса, пухталиқ пайдо қилур”.

Навоий даврида ёшларга таълим бериш поғонама-поғона кўтарилиш усулига асосланган эди. Яъни, савод чиқарилгач, олдин устозидан таълим олар, кейинчалик билим ва қобилияти кўтарса, даражаси юксакроқ устозга борар, сўнг яна улуғроғига ўтар эди. Шу йўсин энг истеъдодли, сараланган ёшлар Абдураҳмон Жомий билан Алишер Навоийга шогирд тушишарди.

Улуғ шоир айрим ёшлардаги қуруқ манманлик, аждодларни назар-писанд қилмай, ўзини ҳаммадан юқори қўйиш одатини асло ёқтирмаган. Кўча-кўйда, мажлисларда кўкрагига уриб, мақтанувчиларни ҳажв қилади, уларни камтарликка, сўз билан эмас, иш билан ўзларини кўрсатишга чақиради.

Ёшлардаги ғайрат ва шижоат яхши сифатлар, бироқ уларни хоксорлик, камтарлик билан омухта этмоқ керак, деб билади Алишер Навоий. Бу борада ҳам Абдураҳмон Жомийни ибрат қилиб кўрсатади. Шунинг учун бўлса керак, сейистонлик Қозизоданинг шеъриятдаги қобилиятини эътироф этса ҳам, ортиқча манманлигини ёқтирмайди. Уни сабоқ олсин деб Абдураҳмон Жомий ҳузурига юборади. Ҳазрат Навоий дўстларнинг тўғри, холис танқидини қабул қилиш кишига камол келтирса, жиззакилик, танқидни тан олмаслик ёш олимга ярашмаслигини айтади.

Хуллас, ҳазрат Алишер Навоийнинг маданиятимиз тараққиёти учун қилган ишлари, ёш истеъдодлар тарбиясига ғамхўрлиги ҳозир ҳам юксак аҳамиятли ва ибратлидир.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ