Дадам Абдулғани Абдуллоҳ ўғлини эслаб…

 Таниган-билганларнинг дадам ҳақидаги хотираларини эшитиб, у кишининг ҳартомонлама салоҳиятли бўлганларини кашф қилавераман. Дадам тил ўрганишимиз, билимимизни ошириб боришимиз учун жонбозлик кўрсатар, турли адабиёт ва қўлланмалар келтириб берардилар.

Дадам нимани ўрганишга қунт қилмасин, уддасидан чиқардилар. Амаким у кишининг маҳалладаги этикдўзга шогирд тушиб, укаларига этик тикиб берганларини тўлқинланиб эслайдилар. Ҳарбий хизматдан кейин маълум вақт ҳосилот бўлиб ишлаганлари сабаб ер-сувни ҳам яхши билардилар. Баҳор кезлари гул, райҳон кўчатларини олиб келар, бизга ҳам экишни ўргатардилар. Чет элга борсалар ҳам, қуруқ қайтмасдилар. Турли гул ва мевали дарахтларнинг уруғларини олиб келиб, ҳовлимизга экиб кўрар, ишкомни хомток қилар, бизларни ҳам ёнларига олиб ўргатардилар. Ўн икки ёшларда эканимда бирга карам экдик. Ўша йили ҳосил жуда мўл бўлди. Илк бора ерга меҳр бериб, деҳқончилик завқини ўшанда туйганман.

Бизни ҳайвонот боғига олиб борганларида ҳайвонлар ҳақида қизиқарли маълумотлар айтиб, ҳайрон қолдирардилар. Агар таътил олсалар, дам олишга бизни ҳам олиб кетар, ўзлари овқат тайёрлар, қўллари жуда ширин эди. Отамнинг ҳамма жойда ўзларига хос томонлари кўзга ташланарди.

Хонадонимизга Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Зиёвуддинхон Бобохонов, Шайх Юсуфхон Шокиров, Салоҳиддин қори Муҳиддинов, Отақул Мавлонқулов, Асрорқул Мавлонқулов, Абдураҳмон домла каби замонанинг кўзга кўринган уламолари тез-тез ташриф буюришар, маърифий суҳбатлар қуришарди. Аллоҳ барчаларининг охиратларини обод қилсин.

Дадам бошланғич таълимни боболари Иброҳимхўжа Эшондан оладилар. Кейин Бухородаги “Мир Араб” мадрасасида таҳсилни давом эттирадилар. 1954 йилдан бошлаб Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасида муҳтасиблар котиби, муфтий котиби лавозимларида ишлаганлар. 1957–1961 йилларда Мисрдаги “Ал-Азҳар” дорилфунунида таълим олиб қайтгач, “Мир Араб” мадрасасида талабаларга араб тили ва фиқҳдан дарс берганлар. Сўнг диний бошқармада масъул котиб, “Совет Шарқи мусулмонлари” (ҳозирги “Ҳидоят”) журналида бош муҳаррир бўлиб ишлаганлар. Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг саҳиҳ ҳадисларини ўзбек тилига таржима қилганлар.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раисининг ноиби, Тошкент вилояти бош имом-хатиби, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси, “Тошкент Халқаро Ислом тадқиқот маркази” мудири, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари лавозимларида ҳам ишладилар.

1998 йилдан умрларининг охиригача Ўзбекистон мусулмонлари идорасида маслаҳатчи ва имом-хатибларнинг малакасини ошириш курси раҳбари бўлиб хизмат қилдилар.

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасида отам билан бирга ишлаганларни, таниган-билганларни кўрсам, гўё дадамни кўргандек кўнглим кўтарилади.

Умрини элу юрт, дин хизматига бахшида этган зотлар қаторида Аллоҳ таоло дадамни ҳам раҳмат қилсин. “Эй Раббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!” (Иброҳим, 41).

 

Марям Абдулғани АБДУЛЛОҲ