Иш қидириб юрган ёш муаллимага шаҳар шифохонасидаги касал болалар билан шуғулланишни таклиф қилишди. Вазифаси тенгдошларидан ортда қолиб кетмасликлари учун ўзлаштиришларига ёрдам беришдан иборат эди.

Иш бошлаган илк кунида бир ўқитувчи қўнғироқ қилди, шифохонадаги ўқувчисининг исм-шарифи, касалхона манзили ва ётган хонасини айтди. Она тилидан ўтилиши керак бўлган мавзу “От ва унинг турлари” эканини эслатди.

Муаллима айтилган манзилни топиб келди, бемор “Ёнғиндан куйган болалар бўлими”да бўлиб, бу ҳақида огоҳлантиришмаган эди. Хонага киришдан олдин муаллимага махсус кийим-бош беришди ва беморга, у ётган каравотга ҳам яқин келмаслик, ниқоб билан гаплашиш зарурлигини тайинлашди. Ҳамма ҳозирликлар битгач, муаллима чуқур нафас олиб хонага кирди. Болакайнинг жароҳати оғир, қаттиқ оғриқдан қийналарди. Ёш муаллима ноқулай вазиятда қолди, нима дейишини билмас, бироқ хонадан чиқиб ҳам кета олмасди. Ниҳоят, ўзини зўрға тутиб, тутила-тутила гап бошлади:

– Мен дарсларингни шу ерда ўзлаштиришингга ёрдам бериш учун тайинланган ўқитувчиман. Бугун сен билан она тилидан “От ва унинг турлари” мавзуини бошлаймиз...

Эртасига муаллима яна келди. Йўлакда учраган ҳамширанинг: “Кечаги болакайга нима қилдингиз?” деган гапини эшитиб, қотиб қолди. Ҳамшира жилмайди:

– Кечирасиз, сизни қўрқитвордим-а? Бола ўнгланиб кетишидан хавотирланаётган эдик. Лекин сиз келиб-кетганингиздан кейин кўнглига умид, танасига куч кирди. Муолажаларимиз фойда қиляпти. Ўзи ҳам яшашга интила бошлади...

Болакай ҳамон муаллима билан илк учрашувгача жароҳати жиддийлигини билиб, тузалишдан умид узганини, касалхонадаги биринчи сабоқдан кейин ҳамма нарса яхши томонга ўзгарганини севиниб эслайди. Ўшанда дарс тугаб, ўқитувчи чиқиб кетганидан кейин кичкина беморнинг кўзидан қувонч ёшлари оқар, миясида эса бир фикр айланарди: “Демак, яшар эканман. Ахир, ўладиган болага синфдошларидан орқада қолиб кетмасин деб “От ва унинг турлари” мавзуини ўргатиш учун муаллима жўнатишмайди-ку!..”

 

Нигора НЕЪМАТ қизи тайёрлади.