Аллоҳ таоло ўзининг Каломи мажиди – Қуръони каримда бундай баён қилади: "Аллоҳга ибодат қилинг ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-оналарга эса яхшилик қилинглар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)!" (Нисо, 36).

Истаймизми-йўқми, доимий равишда қўш­нилар билан алоқада бўламиз. Зотан, турмуш осойишталиги, бахт-саодати ва қувончи кўптомонлама улар билан муносабатларга боғлиқ. "Сафарга чиқишдан олдин шерикнинг яхшисини, уй олишдан илгари қўшнининг афзалини танла", "Қўшнинг тинч - сен тинч" каби ҳикматли сўзлар бежиз айтилмаган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Жаброил (алайҳиссалом) менга қўшни ҳақида шунчалик давомли, кўп васият қилганларидан қўшни меросхўр бўлса керак, деб гумон қилдим", деганлар (Муттафақун алайҳ).

"Ён қўшни – жон қўшни", – дейди халқимиз. Очиқ чеҳра билан боқадиган, ширин сўзини аямайдиган, яхши-ёмон кунда ёнида турадиган, бемор бўлса хабар оладиган, айбларини беркитадиган қўшнига яхшилик қилиш эса олий фазилат. Бу имон аломати эканини қуйидаги ҳадиси шариф баён қилади: "Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, қўшнисига озор бермасин" (Имом Бухорий ривояти). Имом Муслимда эса мазкур ҳадис: "Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, қўшнисига яхшилик қилсин", деб келтирилади. Бу уларга чиройли муомала қилиш, таом бериш, ҳожатини адо этиш, муҳтож бўлса, ёрдам кўрсатиш, ёмонликларни даф қилиш, бемор бўлса, хабар олиш, таъзиясида ҳамдард бўлиш, хурсандчилик кунларида табриклаш билан адо этилади.

Имом Термизийдан ривоят қилинади: "Аллоҳ ҳузуридаги қўшниларнинг яхшиси қўшниси учун хайрли бўлганидир". Қўшнимиз бизга яхши муносабатда бўлишини истасак, энг олдин ўзимиз яхши алоқа ўрнатайлик. Улар ҳақида ёмон гумонга боришдан сақланайлик, қўлимиздан келганича манфаат етказишни ўйлайлик. Ёмонлигига сабр, яхшилигига шукр қилайлик. Ҳамиша дўстона муносабатда бўлайлик. Зеро, қўшнилар ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкам бўлиши жамият ривожи учун замин яратади.

 

Иқболжон ҚАМБАРОВ,

"Саййид Муҳйиддин махдум" ўрта махсус Ислом билим юрти 4-босқич талабаси