• Рукни: Ибрат

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг илму маърифатни тарғиб этувчи нашрлари – “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетаси ва уларнинг қорақалпоқ тилидаги иловаларига обуна қизғин паллага кирди.

“Ҳидоят” ва “Ислом нури” имом-хатибларга дастуриламал, диний билим юртлари талабаларига қўлланма, онахонларимиз, опа-сингилларимизга, қўйингки, барча ўқувчиларимизга яхши насиҳатчи, эскирмайдиган манба десак, муболаға бўлмайди. Севимли нашрларимизнинг “Тафсир”, “Ҳадис шарҳи”, “Саҳобалар ҳаёти”, “Сўраган эдингиз”, “Ислом ва олам”, “Олисларга саёҳат” каби қатор рукнлари остида бериладиган мақолалар, хабарларни ўқиб, билим доирангиз кенгаяди, воқеа-хабарлардан воқиф бўласиз.

Ҳар йилгидек обуна мавсумидаги тарғибот-ташвиқот ишларида жоме масжидлари имом-хатиблари асосий кўмакчиларимиз ҳисобланади. Улар орқали ушбу нашрлар эл орасига ёйилиб, кўпчилик юртдошларимиз баҳра олишяпти. Албатта, ҳар қандай эзгу иш ажр-мукофотсиз қолмайди. Кишиларни яхшиликка ундаш ҳам уни бажаришдек савоблидир.

Умид қиламиз, муҳтарам имом-домлаларимиз обуна мавсумида ўтган йилларгидан фаолроқ бўлишади. Идорамизнинг ушбу нашрларини доимо ўқиб юрган инсоннинг илми зиёда бўлиши, фазилати кўпайиши шубҳасиз. Демак, уларни тарғиб этиш илмга, яхшиликка тарғиб этиш билан баробар. Маълумки, илмга тарғиб этишнинг савоби уни эгаллашдек машаққатли амалнинг ажри билан тенг. Шундай экан, бу эзгу ҳаракат ривожи йўлида барчамиз бирдек жон куйдирайлик.

Таҳририят