• Рукни: Ибрат

2008 йилнинг бошида Самарқанд Давлат университети профессори Неъматжон Низомовга Франциядан хат келди. Ўша йили ноябр ойида Парижда саратон касаллигига қарши курашиш бўйича жаҳон олимларининг халқаро анжумани бўлиши ва бу илмий йиғинга Неъматжон Низомов биофизика мутахассиси сифатида таклиф этилган эди. Бунинг устига айни шу кунлари Австралияда ўтказиладиган атом ва молекуляр физика бўйича халқаро анжуман кун тартибига ҳам профессор Низомов маърузаси киритилган, иштирок этиши сўралган эди. Ва ниҳоят, ота-онаси орзу қилиб етолмаган ҳаж сафарига бориш навбати келганини ҳам маълум қилишди.

Бир-биридан муҳим сафарлар. Лекин ҳаммаси бир вақтга тўғри келмоқда. Нима қилиш керак? Бирортасини ҳам қолдиришга кўзи қиймайди. Уйдагилар ва яқин дўстлар билан маслаҳат қилиб, қуйидаги хулосага келишди: бу сафар Австралияга бормайдиган бўлди; Францияга эса ўғли Шавкатжонни юбориши мумкин. Чунки Шавкат ака-опалари ортидан физика-математика ва кимё-биологияни чуқур ўрганди, фан номзоди бўлди. Инглиз тилида бемалол баҳс-мунозара қилади.

Неъмат ака ҳаж сафарига жўнади. Шавкатжон Франциядан Маккага – ҳаж сафарида юрган отасига телефон қилиб, жуда баҳсли, мунозарали ўтган анжуманда унинг маърузаси юқори баҳоланганини айтди. Ота унинг катта илмий ютуқларга эришишини Аллоҳдан тилаб, дуо қилди. Аллоҳнинг инояти билан унинг дуоси мустажоб бўлиб, Шавкат 2009, 2010 йиллари МДҲ мамлакатлари олимлари халқаро танловлари ғолиби бўлди.

Неъматжон Низомов биофизика илми ютуқларини ҳаётда, ишлаб чиқаришда қўллашда ҳам фаол қатнашаётган олимлардан. Ҳозиргача у ўндан зиёд муҳим ихтиро муаллифи бўлди.

Профессор Неъматжон Низомов бошқараётган люминесценция лабораторияси олимларининг ихтиролари халқ хўжалигининг турли соҳаларида муваффақият билан қўлланяпти. Жумладан, озиқ-овқат саноатида ишлатиладиган бўёқларни маҳаллий, экологик тоза мева-сабзавотлардан, уларни қайта ишловчи корхоналарнинг чиқиндиларидан ажратиб олиш технологияси, Навоий тоғ-кон институти олимлари билан тоғ жисмларини эритмалар ёрдамида юмшатиш, газларда кислород миқдорини аниқлаш бўйича олиб борилган тадқиқотлар иқтисодиётимизга катта фойда келтирмоқда.

Ўтган йили Неъматжон Низомов номига Англиянинг Оксфорд шаҳридан унинг фахрли “2012 йил Одами” унвони билан тақдирлангани тўғрисида мукофот таъсис кенгашининг раисидан хат келди. Унда жумладан, бундай сўзлар битилган эди:

“Ҳурматли профессор Низомов!

Биографияларни тадқиқ этувчи халқаро маркази кенгаши Сизнинг соҳангиз бўйича дунё жамоатчилиги томонидан кенг эътироф этилганингизни чуқур ўрганиб, ушбу мукофотни беришга қарор қилди.

Тавсия этилган юзлаб номзодлар орасидан совриндорни танлаш қийин кечди. Лекин кўп муҳокама ва мулоҳазалардан сўнг ушбу мукофотни Сизга беришга қарор қилдик...”

Олимнинг пахта ёғидаги гасипол (заҳарли моддалар) миқдорини тез аниқлашга доир ихтиросини халқаро илмий жамиятлар янги ихтиро сифатида эътироф этишди.

Шу йил Биографияларни ўрганиш халқаро маркази минглаб етук муҳандислар орасидан профессор Неъматжон Низомовни “2013 йилнинг етакчи муҳандиси” унвонига лойиқ топди. Шу муносабат билан олим АҚШнинг Кембриж шаҳрида ўтказилган тақдимот маросимида қатнашди.

Эл-юрт ардоғидаги олим Неъматжон Низомов вақт топиб, шеърлар машқ қилади. Тиббиёт фанлари номзоди Фазлиддин Аслиддинов билан ҳамкорликда ўзи туғилиб ўсган Мотурид қишлоғи тарихи ва бугунги ҳаёти тўғрисида “Мотуридим – фахрим” китобини ёзиб, нашр эттирди.

Аслиддин ҚАМАРЗОДА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими