• Рукни: Ибрат

“Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Отада ўғилнинг ҳақи учтадир: яхши исм қўйиш, ақли кирса, Қуръон ўргатиш, балоғатга етса, уйлантириш, деганлар” (Абу Нуъайм ривояти).

Динимиз гўдакка муносиб ном қўйишга буюради.

Ривоятда айтилишича, ҳазрат Умарнинг (розияллоҳу анҳу) олдиларига бир одам ўғлини етаклаб келиб:

– Эй мўминларнинг амири, бу йигит менинг ўғлим, аммо у фарзандлик бурчини бажаришдан бўйин товламоқда! Унга насиҳат қилсангиз, деб ҳузурингизга олиб келдим, – деб йиғлаб юборади.

Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) ҳалиги йигитга:

– Аллоҳдан қўрқмайсанми, нега ота-онангга қарши турмоқдасан? – деб сўроқлай бошлабди.

Шунда ҳалиги йигит:

– Фарзанднинг ота-она олдида бурчи борлигини биламан, бироқ улар ҳам ўз зурриётлари олдида бурчлими? – деб сўрабди.

Умар (розияллоҳу анҳу):

– Албатта, ота-оналарнинг ҳам фарзандлари олдида бурчлари, вазифалари бор!

– Ўша бурчларини санаб бера оласизми, эй мўминларнинг амири? – дебди.

– Ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи учтадир. Биринчиси, туғилганда яхши исм қўйиш, иккинчиси, икки дунё саодатига олиб борувчи илмни ўргатиш ёки ўргатадиган устозга топшириш. Учинчиси эса, ўғил бўлса, яхши жойдан келин топиб уйлантириш. Қиз бўлса, яхши жойга узатиб Аллоҳ олдидаги ўз вазифаларини тўла-тўкис адо этишдир, – деб жавоб берибди Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу).

Халифанинг жавобидан сўнг йигитга жон кирибди:

– Эй одил ҳукмдор, менинг яна бир саволимга жавоб беринг-чи, уларнинг қайси бири ўз бурчини олдин бажаришга масъулдир? Ҳамда жавобгар томон ўз вазифасини адо этмаса, иккинчи томон Аллоҳнинг олдида гуноҳкор бўладими? – деб яна сўрабди йигит.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) бундай дебди:

– Дастлаб ота-она болалари олдидаги ўз бурчларини мукаммал бажармоқлари зарур. Акс ҳолда улар Парвардигор олдида осий бўлиб қоладилар!

Бу жавобни эшитган ҳалиги йигит:

– Менинг падарим ўз оталик бурчларининг бирортасини бажармаган. Менга Ислом динига нолойиқ номни қўйган. Исмим Жуъол, яъни гўнг қўнғизи деган маънони англатади. Иккинчидан, менга ҳеч қандай илмни ўргатмади, бирор устозга топширмади ҳам. Энди эса, менга кўчада ўсган бир қизни хотинликка олиб бермоқчи. Бу ишлардан норози бўлган эдим, мени кўндириш учун ҳузурингизга етаклаб келди...

Шунда ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) отага қараб:

– Эҳ фарзанди олдидаги бурчини унутиб, ўз ҳақини таниган ота! Сенинг ҳолингга вой, вой ва яна бир бор вой бўлсин! Барча айб ўзингда экан, ўғлингда ҳақинг қолмабди! – дея ҳукм чиқарган экан. 

Яхши исм ҳам бу дунёда ўз эгаси учун бир кўрк ҳисобланади: “Ойшадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинишича, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёмон исмларни яхшисига ўзгартирар эдилар”. Жумладан, “ашараи мубашшара” – ҳаётлик чоғида жаннатга кириш тўғрисидаги хушхабарни олган ўн кишининг энг аввали бўлмиш Абдураҳмон ибн Авфнинг (розияллоҳу анҳу) номини ҳам ўзгартирганлар. Жоҳилия даврида унинг оти Абдуамр бўлган, яъни “буйруқнинг қули” деган маънони билдиради. Кўриниб турибди, Расулуллоҳдек (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюк зот бир инсоннинг исмини ўзгартиришга илоҳий эҳтиёж сезган эканлар, демак, бунда биз билган ва билмаган раббоний ҳикмат ва зарурат бор!

Бир ҳадиси шарифда юқоридаги мазмун янада мукаммаллаштирилади: “Фарзандларингизни Абдуллоҳ, Абдурраҳмон каби Аллоҳнинг қули маъносини берувчи исмлар билан атанглар. Шунингдек, уларга пайғамбарларнинг номларини ҳам қўйинглар. Бироқ бир болани бирданига икки пайғамбарнинг номи билан ҳам чақирманглар. Исмларнинг энг тўғриси қаҳрамон, ботир ва баҳодир ҳамда ғайрат-шижоат, деҳқон маъноларини билдирувчиларидир” (Имом Муслим ривояти).

Юқоридаги ҳадисга шарҳ берган мусулмон олимлари Аллоҳнинг сифатлари, гўзал исмларининг ҳар бирини абду сўзи билан қўшиб инсонга ном қилиб берилишини Ислом ақидаларига мос деб тан олганлар. Бироқ ар-Раҳмон сифати фақат Аллоҳгагина хос сифат бўлганлиги учун абдусиз, яъни Раҳмон деб, шунингдек, Раҳмонали деб истеъфода этишдан қайтарганлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўминларни икки набийнинг исмини бир одамга қўйишдан қайтардилар. Лекин баъзи ота-оналар фарзандларига Муҳаммадиброҳим, Муҳаммадмусо, Муҳаммадюсуф, Муҳаммадисо каби исмлар қўядилар. Саҳоба Абу Ваҳб Жушамийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Пайғамбарлар исми билан исмланинглар. Аллоҳ учун исмлар ичида энг маҳбуби Абдуллоҳ ва Абдураҳмон, энг содиқи Ҳорис ва Ҳаммом, энг ёмони Ҳарб ва Муррадир” (Имом Бухорий ва Имом Абу Довуд ривояти).

Баъзилар пайғамбарнинг исми билан аталган фарзанди ҳасталаниб қолса, буни исмдан кўриб, шумланадилар. Аслида, пайғамбар исми мўминга фойдали бўлади, зарар келтирмайди. Пайғамбарлик вазифаси ва масъулияти жуда оғир, аммо унинг масъулияти ва вазифасининг оғирлиги исми орқали янги туғилган чақалоққа ўтиб қолмайди. Бундай бузуқ тасаввур ва шумланишлар, шубҳасиз, шайтоннинг васвасасидир. Пайғамбарлар исми болага оғирлик қилганида ёки унинг бирон дардга чалинишига сабабчи бўлганида, ўз умматларига ўта меҳрибон зот Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизларни бу нарсадан огоҳлантириб кетган бўлар эдилар!

Исмларнинг оғир-енгили бўлмайди, аксинча, охиратда соҳибига фойда ёки зиён келтирадиган номлар бор, холос! Бу дунёда исм эгасининг соғлигига ҳеч қандай таъсирини ўтказа олмайди.

Маълумки, юртимизда ўғил болаларга Абдулмуталлиб деган исмни кўп қўядилар. Чунки Расули Акрамнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ота томонидан бўлган биринчи боболарининг исмлари шундай бўлган. Бу исм Ислом ақидасига умуман мос келмаслиги тарихий маълумотларда изоҳланган: “Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) катта боболари Ҳошим Мадинада Нажжор ўғилларидан бўлган Салмога уйланган эди. Лекин Салмо Мадинадан чиқмасдан ўша ерда қолган бўлиб, Ҳошимнинг Салмодан бир ўғли бор эди. Туғилганида боланинг сочлари оппоқ бўлгани учун унга Шайба деб ном қўйилди. Шайба Мадинада онаси Салмонинг қўлида катта бўлди. Отаси Ҳошим вафот этгач, Ҳошимнинг укаси (Шайбанинг амакиси) Муталлиб жиянини Мадинадан Маккага олиб келди. Йўлда Муталлибдан боланинг кимлигини сўраганларида, у ҳазиллашиб: “Менинг қулим”, деб жавоб беради. Шундан сўнг Шайбанинг исми Абдулмуталлиб (Муталлибнинг қули) деб атала бошланди”.

Танасида қизил билан туғилган гўдакка Анорбой, Анора, Ҳамробой, Ҳамрохон каби исм қўйилмаса, теридаги қизил доғ бутун танани қоплаб олади, деб ирим қиладиганлар бор. Шунингдек, қулоғида ёки танасининг бир ерида қўшимча гўшт парчаси ёки хол, доғ билан дунёга келган болаларга ҳам Ортиғали, Холвой, Холида, Анора каби исмларни қўйиш ҳам бидъатдир.

Ахир, ҳамма нарсани ҳаракатга келтирувчи куч-қудрат ёлғиз Аллоҳда-ку! Баъзи маърифатсиз инсонларгина кўнглига келган янгиликларни ўзига ўхшаганларнинг миясига йиллар давомида сингдириб, ўша бидъат ишларни удум қилиш даражасигача олиб чиққанлар! Шу ва шунга ўхшаган бидъатлардан халос бўлишимиз керак. Фақат жоҳилликдан қутулиб, ҳақиқий илоҳий илмга интилсак, икки дунё саодатига эришамиз, иншааллоҳ.

Мусожон БОБОЖОНОВ