• Рукни: Ибрат

Бу хонадонда кўп марта меҳмон бўлганман. Соҳибаси Розия момо оқила, ҳожатмандларнинг ҳақини адо этадиган аёл эди. У ҳосилдор боғлару полизларидан олинган ҳосилни кўпчилик билан баҳам кўрарди. Меваю сабзавотнинг энг сараси биринчи бўлиб фарзанди кўпларга тарқатиларди. Момо тарвуз, қовун, қовоқ каби полиз экинларининг етилиб пишганларини ҳассаси билан кўрсатиб, қўшнининг ҳақи эканини таъкидларди. Қанча кўп тарқатилса, ҳосилнинг баракаси шунча ортарди. Розия момо “Ўзингга раво кўрганни бошқаларга ҳам раво кўргин”, деб кўп такрорларди.

Орада бир муддат боролмай қолганимда момонинг вафот этганини эшитдим. Йиллар ўтиб, яна шу хонадонга йўлим тушганида кўнглим оғриб қайтдим. Розия момо ҳаётлик пайтида гуркираб турган мевали дарахтларга касаллик тегиб, боғдан файз кетган эди. Бунинг сабабини кейинроқ тушундим.

Момонинг икки ўғли бўлиб, каттаси билан бирга яшарди. Қайнонасининг вафотидан кейин катта келин: “Нега энди меҳнатни биз қилиб, роҳатини бошқалар кўриши керак? Ўзимиз ҳам кўпчиликмиз, ортганини сотамиз”, деб қўни-қўшниларга яроқсиз, қурт тушган меваларни чиқарадиган, кейинчалик умуман бермайдиган бўлибди. Кўп ўтмай боғ ўз тароватини йўқотибди, парвариш етарли бўлишига қарамасдан, полиз экинлари ичидан ириб кета бошлабди...

Момоникидан қайтарканман, Қуръони каримдаги машҳур қисса – “Боғ эгалари”ни эсладим: Боғ эгалари ҳосилни мискин, муҳтожларга бермаслик учун эрта тонгда, ҳеч ким кўрмасидан териб олмоқчи бўлишди. Бироқ бориб кўришса, боғ Аллоҳ таоло қудрати ила ёниб кулга айланган эди. “Биз адашиб келдик”, деб ўйлашди. Ўзларининг боғлари эканини англагач, “Боғимиздан маҳрум бўлибмиз”, деб афсусланишди. (Шунда) уларнинг ўртаҳолроғи: “Мен сизларга (Аллоҳга) тасбеҳ айтмайсизми (ҳосил шукронасига камбағаллар улушини бермайсизми) демаганмидим?” деди. Улар (кеч бўлса-да): “Раббимизга тасбеҳ айтамиз. Ҳақиқатан, бизлар (ўзимизга) зулм қилувчи бўлдик”, дедилар” (Қалам, 28 – 29).

Мўмин бахил бўлмайди. Инфоқ-эҳсон қилмай, бахиллик билан тўпланган мол-дунё охиратда шармандаликка сабаб бўлиши ҳақида Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Аллоҳнинг фазли билан берган нарсаси (бойлиги)дан бахиллик қилувчилар буни ўзларига яхши деб ҳисобламасинлар! Асло! Бу улар учун ёмондир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари (ўз бўйинларига) бўйинтуруқ қилиб илиб қўйилади...” (Оли Имрон, 180).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дейдилар: “Аллоҳ бировга мол-дунё берса-ю, аммо у молининг закотини бермаса, Аллоҳ йўлида хайру садақа қилмаса, қиёмат кунида ўша моли унинг бўйнига улкан илон бўлиб ўралади. Сўнгра оғзидан тишлаб, мен сенинг молингман, тўплаган хазинангман, деб гапиради” (Муттафақун алайҳ).

Бахиллик инсонлар орасида ҳасад ва бир-бирини кўра олмаслик каби иллатларнинг юзага келишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Бахилликдан сақланинг, чунки у сиздан олдин ўтганларни ҳалокатга йўлиқтирди. Бахиллик уларни бир-бирларининг қонини тўкишга, ҳаром нарсаларни ҳалол дейишга олиб боради” (Имом Муслим ривояти).

Менга қадрдон Розия момонинг ўгитлари, тутумини олмаган, хонадоннинг файзини кеткизган келиннинг қилмишлари бахилликнинг бу дунёдаёқ ёмон оқибатларга олиб келишини англатарди...

 

Мунира АБУБАКИРОВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси