• Рукни: Ибрат

Шомдан кейин ўғлим ва жияним билан бирга кириб келган меҳмонни танимадим. Бир қарашдаёқ унинг касаллиги, чарчаганини англаш қийинмасди. Салом-аликдан кейин “Чойни тезлаштиринглар, енгил ҳазм бўладиган овқат...” деди ўғлим. Дастурхонга фотиҳа ўқилгач, йигитлар меҳмонни шифокорга олиб бормоқчи бўлишди.

– Мени дўхтирхона қабул қилармикин, – деди бўшашиб меҳмон. – Паспортим йўқ...

Кейин бошидан ўтганларни қисқа гапириб берди. Тўрт йил олдин ота-онаси бахтсиз ҳодиса туфайли ҳалок бўлишган экан. Оилада тўнғич фарзанд бўлган бу йигит икки синглисига ҳам ака, ҳам ота-она ўрнида қолибди.

– Маҳалламиздаги яхши одамлар бош бўлиб менга келин топишди, уйландим, – деди у. – Сингилларимни узатиш ташвиши ҳеч тинчлик бермасди. Хотинимни, ҳадемай туғиладиган болани боқиш керак. Шуларни ўйлаб юрганимда, қўшнилардан бири Қозоғистонга бориб ишлаб, катта пул топиш мумкинлигини, бу масалада ўзи менга ёрдам беришини айтиб қолди. Ишондим, қўшни республикага бирга бордик. Девдай басавлат, бақувват одамнинг қўлига паспортимни бериб, ўзимни унга топшириб кетди. Ўша кундан мен хизматкорга айландим. Уч киши ҳовлида катта молхона қуриш билан бирга, мол-қўйларга қарардик, сигирларни соғардик. Ейиш-ичиш бир нави. Ёз иссиғига чидаса бўлади, лекин қиш совуқларида ёмон қийналдик. Ётадиган хонамиз иситилмасди. Биқиним, белим оғрийдиган бўлиб қолди. Менимча, буйрагим қаттиқ шамоллаган. Ҳеч ким бизнинг соғлигимиз, аҳволимиз билан қизиқмасди. Белимни кўтаролмай ётиб қолган кунларимда уй эгаси “Текинхўр, айёр!” деб бақирарди. Бир йил ўтмай, касалмандга айландим. Юртимга қайтмоқчи бўлиб, паспортимни, иш ҳақимни сўрадим. “Қанақа иш ҳақи? Еб-ичиб, яшаб юрибсан-ку! Доим касалсан”, деб яна сўкди. Паспортим билан йўл ҳақига етарли пул сўраб ялиндим, бермади. Ўша девга ўхшаган одамнинг қари онаси бор эди, ўтган ҳафта уйда ҳеч ким йўқлигида шу кампир ёнига чақириб: “Кўриб турибсан, ўғлимга бир нарса деёлмайман. Феъли ёмон. Худодан қўрқаман, – деб йиғлади, озгина пул берди. – Агар қўлингдан келса, қочиб кет”. Шу пайтнинг ўзида йўлга тушдим. Дам олмай чегарага келдим. Оёқда зўрға турганимни кўриб, чегарачиларнинг ҳам раҳми келдими, гапларимни эшитиб, ўтказиб юборишди. Жонажон юртимиз тупроғига қадам босган пайтимда онадан янги туғилгандек бўлдим. Ўзимизнинг осмонимиз ҳам, тупроғимиз ҳам бошқача, отам билан онамнинг бағрига қайтгандек эдим. Биқинимнинг симиллаб оғриши, белимнинг санчиб зирқирашига ўрганиб кетганман. Дам олмай, оч-наҳор юрганим учунми, дардим яна ҳам кучайиб, кўз олдим қоронғилашди. Тошкентнинг ҳалқа йўли ёқасида машина тўхтатиш ниятида турганим эсимда, кейин нима бўлганини билмайман.

Тушундимки, йўл четида беҳуш ётган одамни бизнинг болалар уйга олиб келишибди. Меҳмон йигирма саккиз ёшда экан, лекин қирқ ёшдан ошгандай кўринарди. Кечки соат ўндан ўтиб борарди. Юртбошимиз ташаббуслари билан ташкил қилинган “Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича республика реабилитация маркази”га қўнғироқ қилдик. Марказ ходимлари бу воқеадан хабар топишлари билан “Йигитни зудлик билан олиб келинглар”, дейишди. Ҳамма бирдан енгил тортди. Оғриқ, ҳадик, хавотир, изтиробда ўтирган меҳмоннинг кўзлари ёшга тўлди.

Қанчалар оддий бўлса, шунчалар теран ҳақиқатлар бор. Айтайлик, бошингга бир қийинчилик, ташвиш, муаммо тушса, ҳеч ким сенга ўз оила аъзоларинг, қон-қариндошларинг, маҳалладош, юртдошларингдан орттириб маслаҳат, ёрдам беролмайди. Бегонанинг берган оши таъмали, миннатли, баъзан тузоққа айланади: жисмингдан тортиб эркинггача ўзига тобе қилиб, ғаразли мақсадлари йўлида умрингни поймол этишдан ҳам қайтмайди.

Ҳалигача ўша йигитнинг қиёфаси кўз олдимдан кетмайди. Хаёлимда у билан боғлиқ фикрлар айланаверади: “Уйланишига бош бўлган яхши одамлар унинг ва сингилларининг тақдирига ҳам бефарқ бўлишмасди. Шунча азоб-уқубат, соғинч, хорликлардан орттирилган касалликлар... Буларнинг барчаси эвазига келиши мумкин бўлган бойлик ўз она юртингда, жондош-қондошларга суяниб, уларга суянчиқ бўлиб кечган бир кунингга ҳам арзимайди, менимча”.

 

Муҳтарама УЛУҒОВА