• Рукни: Ибрат

Айдарбек ТУЛЕПОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

“Ўзбекистон – буюк алломалар юрти” деган иборани кўп эшитганмиз, ўзимиз ҳам фахр билан айтамиз. Зеро, ушбу сўзлар замирида шундай улкан ҳақиқат ва эътироф борки, уларга сазовор бўлиш саноқли ўлкаларгагина насиб этган, холос. Лекин бу ҳақиқат узоқ йиллар давомида яшириб келинди, уларнинг қиммати атайлаб пастга урилиб талқин этилди. Мана бугун, алҳамдулиллоҳ, халқимиз истиқлол нашидасини сурмоқда, барча моддий ва маънавий хазиналарга эгалик қилмоқдамиз. Жумладан, Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган ва қўшаётган олиму уламоларимиз янгидан кашф этилмоқда.

Мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида ижобий ўзгаришлар содир бўлди. Бу хайрли ишлар силсиласида халқимизнинг қадимий ва буюк тарихини ўрганиш, миллий-диний қадриятларини тиклаш, улардан кенг халқ оммасини, айниқса, ёшларни хабардор қилиш борасидаги самарали ишлар алоҳида аҳамиятга эга. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, юртимиздан етишиб чиққан алломалар барча замонларда ҳам дунё аҳлини ўзларининг ақл-заковатлари ва илмий кашфиётлари билан лол қолдиришган. Довруғи дунёни тутган улуғ олимлар, фан дарғалари, Имом Бухорий, Имом Термизий, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк мутафаккирларнинг бой илмий мероси жаҳон маданияти ва тамаддунига бебаҳо хазина бўлиб қўшилган. Дарҳақиқат, ҳозирда жаҳондаги энг нуфузли илм масканларида алломаларимизнинг илмий асарлари фан сифатида ўқитилмоқда.

Бугун илм-фан соҳасидаги муваффақиятларимизни дунё тан олишида ва ёшларимиз маънавий баркамол инсонлар бўлиб улғайишида диёримиз олиму уламоларининг ўрни беқиёс, албатта. Ана шундай уламолардан бири Шайх Абдулазиз Мансурдир. Кўп йиллардан бери Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари лавозимида хизмат қилаётган Шайх Абдулазиз Мансур нуфузли халқаро ислом ташкилоти – Ислом фиқҳи академияси аъзоси сифатида ҳам юртимиз шарафини юксакларга кўтариб келмоқда.

Қуръони каримда: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур...” (Мужодала, 11), дейилган.

Яна бир қувончли хабар – 2013 йилда Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари бутун дунёда тан олинган халқаро ташкилот – Ислом олами уюшмаси ҳузуридаги Мусулмон уламолари халқаро ҳайъатининг аъзоси этиб тайинланди. Мазкур нуфузли ташкилотнинг Бош котиби доктор Абдуллоҳ ибн Абдулмуҳсин Туркий Шайх Абдулазиз Мансурга йўллаган мактубда бундай дейилади: “Ислом дини хизматидаги ва мусулмонларнинг муаммоларига эътибор бериш борасидаги фаол ҳаракатларингизни эътиборга олиб, Сизни Ислом олами уюшмаси ҳузуридаги Мусулмон уламолари халқаро ҳайъати аъзолигига тайинлашга қарор қилинди”.

Жаҳондаги саноқли давлатлардангина вакиллар тайинланган ушбу йирик ташкилот ҳайъатида Ўзбекистон вакили ҳам борлиги барчамизга қувонч ва ифтихор бағишлайди. Шайх Абдулазиз Мансурга бундай шарафли мақом берилиши ҳукуматимизнинг Ислом маданияти ва маънавиятини юксалтириш йўлида амалга ошираётган хайрли ишларнинг дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилишидир. Шунингдек, Шайх ҳазратлари мусулмон оламидаги муаммоларга бағишланган халқаро анжуманлардаги иштироки ва ундаги долзарб нутқларига берилган юксак баҳодир.

Мамлакатимизда бебаҳо меросимизни ўрганиш ва ундан халқимизни баҳраманд қилишдек хайрли ишларга истиқлол йилларида ҳукуматимиз жуда катта эътибор беряпти. Жумладан, Аллоҳнинг каломи – Қуръони карим маънолари ўзбек тилига таржима ва тафсир қилинди. Юртимиз уламоларидан бўлган Шайх Абдулазиз Мансурнинг “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши тавсияси билан бир неча бор кўп минг нусхада чоп этилди. Бу тафсир ҳанафий мазҳабига мувофиқ тайёрланган бўлиб, бошқа мазҳабларнинг қиёсий таҳлили ҳам илова килинган. Оятлар мазмунини имкони борича сўзма-сўз ифода этишга ҳаракат қилинган. Изоҳ талаб оятларга шарҳлар берилган. Айниқса, араб тилидаги қадим тафсирлардан иқтибос олингани, фойдаланилган манбаларнинг мўътабар ва мўътамад экани ҳам асарнинг пухта тасниф этилганидан дарак беради. Шайх ҳазратларининг “Қуръони карим маъноларининг таржимаси ва тафсири” китоби барчамизнинг энг асосий қўлланмамиздир. Бундан ташқари у кишининг ўнлаб диний-маърифий асарлари халқимизнинг севимли китобларига айланган.

Шайх ҳазратлари бузғунчи оқимларнинг сохта даъволарига қарши катта журъат билан асосли раддиялар беришлари ва юртимизда амалга оширилаётган хайрли ишларни нохолислик билан ғаразли талқин этаётган ғаламислар билан тинимсиз кураш олиб боришлари таҳсинга лойиқдир. У кишининг хориж ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали долзарб мавзудаги чиқишлари фикримизнинг ёрқин исботидир.

Шайх Абдулазиз Мансурнинг “Бугунги таҳликали замонда бузғунчи оқимлар ва маънавий таҳдидларга қарши курашда ҳар бир инсон ўзини худди жасур жангчи каби мардонавор тутиши лозим” деган гаплари барчани огоҳ ва ҳушёр бўлишга чақиради.

Дин илмларини эгаллаб, унинг эзгу таълимотларини халққа етказиш фазилатлари ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, деб баён қилганлар. Демак, дин таълимотларини яхши тушунадиган бўлиш инсон учун катта бахт-саодатдир. Аллоҳ таоло унга яхшиликни ирода қилганининг аломатидир.

Олим-уламолар етишиб чиққан ва эътибор топган юртдагина тинчлик-осойишталик, фаровонлик бўлади. Бундай диёрдан балою офатлар нари бўлади. Шайх Абдулазиз Мансурнинг дин маърифати йўлидаги эзгу ишлари халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилиши муҳтарам Юртбошимизнинг, бу заминдан ҳали кўплаб бухорийлар, термизийлар ва фарғонийлар чиқади, деган гапларининг амалдаги тасдиғидир.