Қимматбаҳо тошларга қизиқувчи бир йигит шу соҳанинг энг билимдон устасига шогирд тушмоқчи бўлибди. Кекса уста йигитнинг гапларини диққат билан эшитгач, қўлига бир тош тутқазибди: "Бу – яшим тоши. Бир йилгача ҳовучингда маҳкам ушлаб юрасан. Кейин ёнимга келасан".

Йигит уйига қайтиб, топшириқнинг мантиқсизлигини ўйлаб ҳам ўзидан, ҳам устадан норози бўла бошлабди. Бу ҳолни ота-онасига, атрофидагиларга ҳам кўп айтиб берибди. Аммо барибир ҳовучини очмас, кафт­ларини маҳкам тутар, ҳамма ишларини бир қўли билан қилар эди. Ҳатто тош тушиб кетмасин деган хавотирда ярим ухлоқ, ярим уйғоқ ҳолда тонг оттирарди. Бора-бора бу ҳолатга кўникди.

Шу тарзда бир йил ўтди. Йигит устанинг ёнига келди ва синовдан муваффақиятли ўтганидан мамнун ҳолда кафтини очди:

– Мана, устоз, айтганингизни қилдим, – деди.

Кекса уста сокинлик билан:

– Энди сенга яна бошқа тош бераман, уни ҳам худди шундай бир йил ҳовучингда олиб юрасан.

Бу сўзларни эшитиб йигитнинг фиғони чиқди. Устани маънисизликда айблай бошлади. Уста эса йигитнинг бақир чақирларига парво қилмай, кафтига бир тош қўйди. Ғазабдан қип-қизариб кетган йигит бирдан сокинлашди, қўлидаги тошни қаттиқроқ сиқди ва ҳаяжон билан:

– Бу яшим эмас, бошқа тош, устоз! – деди.

Қиссадан ҳисса. Йигит қимматбаҳо тошлар бўйича уста бўлишни истади, аммо бунга эришиш учун берилган топшириқ мантиқсиздек туюлди. Ваҳоланки, ўз орзусига ана шу фойдасиздек кўринган вазифани хатосиз бажариш билан етишди – тошларни кўрмай, ҳис қилиш билангина турга ажратадиган бўлди. Демак, биз ҳам буюрилган амалларни, бандалик вазифаларимизни ихлос билан, иккиланмай бажарсак, фойдасини икки дунёда кўрамиз, иншааллоҳ.

 

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи