Ўтган йили пахта терими мавсумида мен ҳам четда тургим келмади, Дардақ участкасининг Дўстлик қишлоғига велосипедда қатнаб пахта тердим. Ўша ерда Йўлдошвой деган ўзим тенги киши билан яқиндан танишиб қолдим. Бир куни ундан Дардақнинг марказига шу ердан неча километр деб сўрасам, икки километр бўлса керак, деди. Бунинг сабаби бор эди: мен 1966 йили Андижон қурилиш техникумининг сиртқи бўлимига ўқишга кирганимда шаҳардаги қурувчилар ётоқхонасида яшаб, кундузи ишлар эдим. Хонада тўрт киши яшардик. Ҳаммамиз ҳар қаердан. Дардақлик ҳамхонамиз бухгалтерия бўлимида ўқир эди. Кундузи ҳамма ўзи билан ўзи бўларди. Лекин кечқурун йиғилиб овқат пиширамиз, ишларни бўлиб олганмиз. Шунга қарамасдан, гоҳида "Сен тозала!", "Йўқ, сен бозорга бориб кел!" деб тортишар эдик. Шундай пайтда дардақлик дўстимиз: "Шу ишга шунчами-а?" деб ўзи қилиб қўяр эди. Биз индамай қолардик. Бора-бора ўртада иноқлик, ҳурмат ортди, "Сиз ўтиринг", "Йўқ, сиз ўтиринг, шу ишни менга қўйиб беринг", деб бир-биримизни иззат қила бошладик. Ўқишлар тугади. Мана, қанча йиллар бўлибди, лекин дардақлик ўртоғимизни ҳали учратганим йўқ, манзилини ҳам аниқ билмайман.

Йўлдошвой акага ўша гапларни айтиб бердим. "Иложи бўлса, бориб кўриб келар эдим", десам, у:

– Исми нима? – деб сўради.

– Эсимда йўқ.

– Фамилияси-чи?

– Эсимда йўқ.

– Унда қандай топасиз? Дардақ ҳам катта жой, қаерда ишлар экан? – деди.

– Гаражда нормировкачи, – дедим.

– Ундай бўлса, Дардаққа бориб, эски шопир ёки тарактирчилардан сўранг, – деди.

"Аллоҳ, ўзинг мадад бер, ҳаёт бўлса кўришиб келаман, ўтган бўлса, фотиҳа ўқиб келаман", деб велосипедда йўлга чиқдим.

Дардаққа киришда икки қарияни учратиб, сўрашиб, келиш сабабимни айтдим. Улар ҳайрон бўлиб, 40-50 йил олдинги дўстини энди истаб келса-ю, исми-фамилиясини билмаса, деб ҳайратланишди.

– Нима қилай, яхши ният билан йўлга чиқдим, тополмасам, масжидларингда аср намозини ўқиб қайтаман, – дедим. Шунда мўйсафидлардан бири ўйланиб:

– Мен шопир бўлиб ишлаганман. Бизда Йўлдошев Каримжон исмли йигит нормировкачи эди. Ўтганига бир йил бўлиб қолди, – деди. Манзилини сўрасам, масжидга яқинлигини айтди. Боргунимча намоз вақти бўлиб қолди. Масжидда намозни ўқиб, шу ердаги оқсоқоллардан сўрасам, уйини айтиб беришди. Яхши инсонлар экан.

Уйига бордим, келин чиқди. Сўрашиб, Қуръон тиловат қилиб, келишим сабабини айтдим. Ўзим ишонишим учун:

– Қайнотангизнинг расми борми, бир кўрсам, – дедим. "Хўп", деб олиб чиқди. Худди ўзи. Келини қайнотасини таърифлаб йиғлади.

– Эрим Умиджон катта ўғли бўлади, ҳозир чақираман, бизникида қоласиз, – деб кетишимга унамади.

– Йўқ, қизим, мен пахта тергани келганман, – деб манзилимни айтиб, қайтиб келдим. Йўлдошвой акага топганимни айтдим. Эртасига пахтани доим­гидек тонгда териб, ётоққа келиб, фарз намозини ўқиб турсам, бир йигит йўқлаб келганини айтишди. Чиқсам, худди отасининг ўзи бир йигит турибди. Эски қадрдонлардай қучоқлашиб кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашдик.

– Сиз отамнинг дўсти экансиз, оилам сўзлаб берди. Кеча кетиб қолибсиз, бугун олиб кетгани келдим. Уйда девзирадан ош қилиб, бафуржа гапириб берасиз, суҳбат қиламиз отам ҳақида, – деди.

– Раҳмат, Умиджон, сизлар саломат бўлинглар, ҳамма умидларингиз рўёбга чиқсин, Аллоҳдан сўрайман, – десам:

– Йўқ! Олиб кетаман, бўлмасам, қачон вақтингиз бўлишини айтинг, – деб туриб олди. – Менинг сизга айтадиган дил сўзларим кўп. Сизни кўриб отамни топиб олгандай бўлдим, – деб кўзига қувонч ёшлари қалқди.

– Умиджон, ўзим бораман, – деб хайрлашдим. У-ку кетди, мен ўзимни тўхтатолмайман. Қаранг, отасининг 40-50 йил олдин кўрган дўстини шунчалик меҳр-муҳаббат билан уйга чақириб, отаси руҳини шод этмоқчи. Бир хил фарзандлар тирик ота-онасининг қадрига етмай хор қилишади...

Энди дам оламиз деб турсам, ўғлим келиб: "Дада, ҳар қанча ёрдам дейсизми, пахта териш дейсизми, бу ишларни биз қиламиз. Бўлди, бизга сизнинг соғлигингиз керак", деб, велосипедимни ҳам машинага ортиб уйга олиб келишди.

 

Сойибжон КЕНЖАЕВ,

Андижон вилояти Қўрғонтепа шаҳри

 

Таҳририятдан: Хатни ўқиб, кўнглингиз ёришиб кетгандир. Бошқаларга ҳам ибрат қилиб гапирса арзигулик. Атрофимизда меҳру оқибатли, садоқатли, фазилатли бунақа одамлар оз эмас. Яхшиликдан сабоқ берадиган хилма-хил воқеалар сизнинг ҳаётингизда ҳам юз берган бўлиши мумкин. Ёзиб юборинг, "Ислом нури" ё "Ҳидоят" саҳифаларида чоп этишга ҳаракат қиламиз.