“Еру осмон дуо билан омон", дейишарди раҳматли бобом билан бувим. Улар тинмай дуо қилишарди – тўй-ҳашамларда, ҳар қандай маросимда, ҳамма пайт, ҳамма жойда...

"Агар дуо-илтижо қилмас экансизлар, Парвардигорим сизларга парво қилмас" (Фурқон, 77).

Бувим билан бобом бу ояти каримани энг яхши тушунадиганлардан бўлишганини шу ёшга кириб англаб етдим. Улар бундай дуо қилишарди:

"Муродингга етгин!"

"Худо ёрлақасин!"

"Тупроқ олсанг, олтин бўлсин!"

"Тилагингни Аллоҳ берсин!"

"Юзинг ёруғ, сўзинг ўткир бўлсин!.."

Бобом билан бир жойга боришимизга соатлар сарф бўларди. Чунки ҳамма билан саломлашар, танишлари билан дақиқаларча гаплашиб қолардилар. Мабодо қишлоқлик бирор кишини учратиб қолсалар, албатта, "Экин-тикинлар қалай, биродар, ёмғир, сув мўлми?" деб сўрардилар. Менинг эса (бола эканман-да) юрагим сиқилар, "кетақолайлик, бобожон", дея қисташни қўймасдим.

Раҳматли бобом бирор киши қоқилиб кетмасин учун йўлларида дуч келган тош, шох-бутоқларни четга; нон бурдаси ёки ушоғини кўрсалар, қушлару қурт-қумурсқалар насибаси, дея дарров олиб, оёқ босилмайдиган жойга қўярдилар.

Бобом янги туғилган набираларини "Бисмиллоҳ" билан қучоқларига олиб, Курси оятини ўқирдилар. Чақалоқнинг қулоғига азон ва иқомат, кейин "Исминг фалончи бўлсин", дея исмини айтардилар. Сўнг "Исмингга муносиб яшагин", деб дуо қилардилар.

Яхшиликнинг моҳиятини ҳам бобомдан ўрганганман. Уйга келган меҳмонга "Хуш келибсиз", дегандан кейин "Хайрми, ишқилиб?" деб сўрардилар. "Хайр-хайр ", деб жавоб берарди меҳмон. Сўнг икковлари ҳам "Илоҳим, хайр бўлсин", деб қўйишарди. Мен "хайр"ни видолашиш маъносида тушунганим учун улар нима демоқчи бўлганини ҳеч англаёлмасдим. Катталаримиз доим "хайр­ли" сўзлашишганини йиллар ўтиб билдим.

Бобом, бувим ҳаёт пайтларида уйимиздан меҳмон аримасди. Айниқса, арафа ё ҳайит кунлари ҳовлимиз узоқ-яқиндан келган меҳмонлар билан гавжум бўларди. Бобом билан бувим ҳар бир меҳмонга алоҳида эътибор берар, кўнглини олишга интилишар эди. Меҳмон келмай қолса, хафа бўлишарди. Ҳатто бир марта ҳафта-ўн кун меҳмон келавермагач, бувим ўтириб олиб росмана йиғлаганлари эсимда.

Бобом, бувим ўтиб кетишгач, уйимиздан меҳмон оёғи деярли узилди. Ҳатто ҳайит кунларида ҳам улар ҳаётлигидаги каби меҳмон келмайдиган бўлди. Демак, уйимизнинг баракаси улар экан. Демак, одамларни уларнинг дуолари ўзига тортаркан...

Ҳар ҳоллари намуна, покиза ва ажиб нурли сиймолар эди, Парвардигор уларни ўз раҳматига олган бўлсин!

 

Моҳидил ФАХРИДДИН ҳожи қизи